Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:ГНК разъяснил как платить НДС при резких скачках оборотов по реализации Для штрафов при выставлении ЭСФ за прошедший период – нет оснований Что изменилось в купле-продаже валюты с начала года Обязательна ли доверенность в электронном виде Как заполнить обновленные приложения №5 и №6 к Расчету НДФЛ и соцналога (пошаговая инструкция)

Навоий вилоятида шамол электр станцияси қурилади

25.12.2020

Читать на русском языке

Президентнинг 22.12.2020 йилдаги «Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4933-сон қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Президентнинг БААга расмий ташрифи доирасида 2019 йил 20 мартда «Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar» (БАА) компанияси билан Ўзбекистонда умумий қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини (кейинги ўринларда – ШЭС) лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича битим имзоланган. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида инвестор томонидан «Shamol Zarafshan Energy» МЧЖ ХК – лойиҳа компанияси ташкил этилган.

 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, инвестор ва лойиҳа компанияси ўртасида 2020 йил 10 июнда имзоланган уч томонлама инвестиция шартномаси тасдиқланган.

 

Инвестор ва лойиҳа компанияси қуйидагилар юзасидан мажбуриятни ўз зиммасига олдилар:

  • инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида ШЭСни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш;
  • хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, 600 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш;
  • улар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона харидор бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш.

 

Шунингдек ҳужжат билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва лойиҳа компанияси ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқулланди. Инвестор билан 2020 йил 10 июнда шунга ўхшаш битим имзоланган эди. Битимга мувофиқ:

биринчидан, инвестор ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан лойиҳа компанияси фойдасига воз кечади;

иккинчидан, лойиҳа компанияси:

а) қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

- ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона харидор бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш;

- ШЭСнинг оширувчи подстанциясини қуриш ва у ишга туширилгандан сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» AЖга бепул топшириш;

б) ўз мажбуриятларининг лозим даражада бажарилиши бўйича 35 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этиш;

учинчидан, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади. 

 

Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясини сотиб олиш учун хорижий валютада деноминацияланган қатъий тариф ўрнатилган.

 

Лойиҳа компанияси томонидан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, лойиҳа компанияси ва инвестор ҳуқуқлари кредиторларга ўтказилади. Ҳуқуқларнинг бошқага ўтказилиши тўғрисидаги битимлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан инвестор, лойиҳа компанияси ва кредиторлар билан тузилади.

 

Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади:

  • лойиҳа компанияси билан биргаликда лойиҳа компанияси томонидан белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини танлаб олиш;
  • мажбурий экспертиза ва рўйхатдан ўтказмаган ҳолда халқаро мустақил инжиниринг компанияси билан шартнома тузиш;
  • ШЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини 3 ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида лойиҳа компанияси фойдасига хорижий валютада тасдиқланган тикланадиган аккредитивни очиш.

 

Инвестиция шартномасига мувофиқ лойиҳа компаниясига қуйидагиларга рухсат берилди:

  • кредитлаш, хорижий валютадаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан бошқалардан ташқари хорижий валютада кредит маблағлари тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;
  • чет элдаги банк ҳисобварақларидан хорижий валютада кредит олиш;
  • устав капитали учун фақат қурилиш даврида лойиҳа компанияси иштирокчилари билан тузилган қарз шартномалари ва оралиқ қарз битимлари бўйича хорижий валютада пул маблағларини қабул қилиш;
  • Ўзбекистон ташқарисидаги хорижий пудратчилар, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни мамлакатдаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан тўғридан-тўғри амалга ошириш.

 

Навоий вилояти ҳокимлиги лойиҳани амалга ошириш доирасида инвестиция шартномаси шартларига мувофиқ лойиҳа компаниясига ижарага бериш учун белгиланган ер участкасини ажратиб беради. Бунда лойиҳа компанияси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.12.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.