Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Паспорт йўқотганда нима қилиш керак

06.09.2018

Читать на русском языке

 

Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди (28.08.2018 йилдаги ПФ–5528-сон Фармон).

 

Пропискасиз шахслар паспорт олиш учун қаерга мурожаат қилишлари лозим

           

Умумий қоидаларга кўра, паспорт олиш учун доимий рўйхатда ёки консуллик ҳисобида турган жойга мурожаат қиладилар.

 

Қўшимчаларга мувофиқ, доимий рўйхатга олинмаган фуқаро олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига ёки пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаса, ўзи турган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

 

 Доимий рўйхатга олинмаган ҳарбий хизматчи хизматни ўтаб бўлгач, паспорт олиш учун олдинги рўйхатда турган жойи, туғилган жойи ёхуд амалда яшаб турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

 

Йўқотилганининг ўрнига паспортни қандай олиш мумкин

 

Тузатишлар билан йўқотилганлари ўрнига паспорт бериш механизми аниқлаштирилди.

 

Паспортини йўқотиб қўйган фуқаро унга янгисини берадиган маълумотларни йиғиш пунктига зудлик билан хабар бериши лозим. Паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризалар ҳисобга олиш журналида рўйхатга олинади. Вақтинча хорижда бўлганлар қайтиш гувоҳномасини олиш учун мамлакатимиз консуллик муассасасига мурожаат этадилар.  

 

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси паспорт (ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) йўқотилганлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномани беради. Унинг орқа томонига доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги тўғрисида штамп қўйилиши мумкин.

 

Республиканинг бошқа ҳудудларидан доимий яшаш жойига келган ва янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олингунга қадар паспортини йўқотиб қўйган фуқароларга уларнинг аризаларига кўра ИИО томонидан паспорт йўқолгани ҳақидаги иш очилади. Янги паспортлар доимий яшаш мақсадида келган жойда уларни рўйхатга қўйиш асослари мавжуд бўлган тақдирда берилади. Рўйхатга олишга асослар мавжуд бўлмаса, паспорт рўйхатдан чиқишни бекор қилган ҳолда олдинги рўйхатдан ўтган жойидаги ёки унга асослар мавжуд бўлганда бошқа янги рўйхатдан ўтиш жойида берилади.

 

Янгиси берилгунга қадар йўқолган паспорт топилса, паспорт йўқолгани ҳақидаги иш юритиш тугатилади, янгиси берилгандан кейин топилса – топилган паспортни зудлик билан ИИОга топшириш зарур.

 

Янгиси қанча муддатда берилади

 

Йўқолгани ўрнига янги паспорт у йўқолгани ҳақида ариза берилган кундан бошлаб 1 ой ичида берилади. Бироқ ҳудудий ИИО раҳбарияти уни яна 1 ойга узайтириши мумкин.

 

Бундай аризаларни кўриб чиқиш муддати фақат истисноли ҳолларда 6 ойгача узайтирилиши мумкин:

 

  • бошқа ички ишлар органларидан жавоблар келмаганда;
  • аризачининг касаллиги;
  • аризачининг яшаш жойида узоқ муддат бўлмаганлиги.

 

Ярим йилдан ортиқ муддатда жавоб келмаганида, фуқаронинг шахси текширилади ва ундан кейин паспорт берилади.

 

Паспортни йўқотганлик учун қачон жавобгарликка тортмайдилар

 

Эслатиб ўтамиз, паспортни авайлаб сақлаш – қонун талаби. Паспортни бепарволик билан сақлаш оқибатида унинг йўқолиши ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 3 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 223-моддаси 1-қисми).

  

Бироқ айрим ҳолларда юқорида кўрсатилган жавобгарликка тортмайдилар.

 

Биринчидан, паспорт ўғирланган бўлса, бу ҳақдаги ариза (жиноят содир этилган жойдаги ёки жабрланувчининг яшаш жойидаги) ҳудудий ИИОнинг навбатчилик қисми ходимлари томонидан қабул қилинади. Фуқарога тегишли маълумотнома берилади, шундан кейин у маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

 

Иккинчидан, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан ва табиий офатлар (ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқалар) оқибатида паспортлари йўқолганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган шахслар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳолда мазкур ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади.  

 

Яна жавобгарлик ҳақида…

 

Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги нормаларга тузатиш киритилди:

 

а) паспорт тизими қоидаларига риоя этилиши учун масъул бўлган шахслар томонидан фуқароларнинг паспортсиз ёхуд вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган ҳолда яшашига йўл қўйганлиги учун жавобгарлик бекор қилинмоқда.

 

Бироқ ўз турар жойларида паспортсиз ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшашига йўл қўйган фуқароларнинг жавобгарлиги сақланиб қолади (МЖТКнинг 223-моддаси 3-қисмига қаранг);

 

б) паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспортга эга фуқароларни, шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз яшовчи фуқароларни ишга қабул қилганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда. Ушбу қисмда ҳужжат 22.01.2018 йилдаги ПФ–5308-сон Фармоннинг 10-бандига мувофиқлаштирилган.  

 

! Юқорида баён этилган тузатишлар («а» ва «б» бандлари) айни пайтда кўпроқ юридик кучга эга бўлган юқори турувчи ҳужжатлар – Меҳнат кодекси (паспортсиз ёки пропискасиз шахсларни ишга қабул қилиш қисмида, МКнинг 80-моддасига қаранг) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТКнинг 223, 2232-моддалари) мувофиқ келмайди. Расмий-юридик нуқтаи назардан олганда, ушбу санкциялар МЖТКдан чиқариб ташлангандан кейингина тўлиқ бекор қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.08.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Заманов.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-09-18
  • USD:8039.00 (+176.83) сум
  • EUR:9347.75 (+266.16) сум
  • RUB:118.05 (+5.46) сум