Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как перейти на НДС и налог на прибыль по расчетному пороговому показателю – читать на buxgalter.uzЧто изменится в налогообложении в 2021 году – читать на buxgalter.uzОплачивается ли «больничный», выданный частной клиникой – читать на buxgalter.uzКак не зависеть от банковского рабочего дня – читать на buxgalter.uzЕсли продавец при покупке через КПК не оформил ЭСФ и чек ККМ – читать на buxgalter.uz

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар айланмаси соддалаштирилди

06.10.2020

Читать на русском языке

 

Президент томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тузатишлар имзоланди (29.09.2020 йилдаги ЎРҚ-639-сон Қонунга қаранг).

 

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган

 

МЖТКда давлат ўрмон хўжалиги органлари ваколатлари қайд этилди. Уларга МЖТКнинг 77-м. 1 ва 2-қ., 78-м., 79*-м., 80, 83-м., 84*-м., 90*-м. 1-қ.да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир. Бунда уларнинг мансабдор шахслари қуйидагиларга ҳақли:

а) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси номидан ишларни кўриб чиқишга ва жарималар тайинлашга:

  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бош давлат инспекторлари – фуқароларга 15 БҲМгача, мансабдор шахсларга – 20 БҲМгача;
  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, давлат ўрмон хўжалиги ва давлат-ўрмон ов хўжаликлари, ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари, давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхоналарининг давлат инспекторлари ҳамда миллий табиат боғларининг ходимлари – фуқароларга 10 БҲМгача, мансабдор шахсларга – 15 БҲМгача;

б) МЖТКнинг 77-м. 1 ва 2-қ., 78-м., 79*-м., 83-м., 84*-м., 90*-м. 1-қ. бўйича ҳуқуқбузарликлар содир этилганда – маъмурий йўл билан ушлаб туришга;

в) буюмларни кўздан кечиришга;

г) МЖТКнинг 78-м., 79*-м.., 84*90*-м. 1-қ. бўйича ҳуқуқбузарликлар содир этилганда –  транспорт воситаларини кўздан кечириш ва маъмурий жазо қўллашга.

 

Ерга оид муносабатларнинг янги форматлари

 

Киритилган тузатишлар билан ер участкаларини қуйидаги мақсадларда тақдим этишга рухсат берилди:

 

1) инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартномаси асосида – уч йилдан кам бўлмаган ва 49 йилдан ошмайдиган муддатга қуйидаги субъектларга ижарага берилади:

  • қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар ва лалми ерларни - Ўзбекистон фуқароларига ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига;
  • ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини – жисмоний ва юридик шахсларга;
  • яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтларни - Ўзбекистон фуқароларига, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек Ўзбекистон резидентлари бўлган инвесторларга; 

 

2) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга (уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) қуйидаги муддатларга иккиламчи ижарага берилади:

  • тарафларнинг келишувига кўра белгиланган, бироқ ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга – инвестиция шартномаси ёки ДХШ доирасида;
  • бир йилгача – бошқа ҳолатларда (масалан, фермер хўжаликлари томонидан – қишлоқ хўжалиги экинларини оралатиб экиш учун).

 

Ерларни иккиламчи ижарага бериш тартиби кейинроқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади, бунда энг асосий жиҳатлар қуйидагилардан иборат:

  • иккиламчи ижарага берилган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас;
  • иккиламчи ижарага бериш шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига кўра белгиланади ва шартномада мустаҳкамланади. Тўлов ва уни ундириш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ иккиламчи ижара шартномасида белгиланади;
  • иккиламчи ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим;
  • ижара шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уни муддатидан олдин бекор қилиш иккиламчи ижарага бериш шартномасининг бекор қилинишига сабаб бўлади. Иккиламчи ижара шартномаси тарафларнинг келишувига кўра ёки суднинг қарори бўйича муддатида олдин бекор қилиниши мумкин;

 

3) деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари эгалари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки ушбу ер участкаларининг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга бериши мумкин. Вақтинча фойдаланиш тартиби тарафларнинг келишуви асосида белгиланади. Бунда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари эгаларининг ушбу ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

 

Суғориладиган ерлар – фақат қишлоқ хўжалиги учун

 

Суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун, шунингдек унумдор тупроқ талаб этилмайдиган илғор технологияларнинг (гидропоника ва бошқалар) янги усуллари қўлланиладиган иссиқхоналар қурилиши учун ажратишга йўл қўйилмайди. Бундан Президентнинг қарорига мувофиқ ерларни ажратиш мустасно.

 

Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қурилиши учун алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари** алоҳида ҳолларда Президентнинг қарорига биноан берилади. Илгари бундай ҳуқуқ Вазирлар Маҳкамасига берилган эди.

 

Дам олиш зоналари қандай ташкил этилади

 

Рекреация зоналари – географик ва иқлимий шароитларга эга муҳофаза этиладиган, туризм ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкиллаштириш учун яроқли бўлган табиий ҳудудларни ташкил этиш тартибига тузатишлар киритилди:

  • давлат ўрмон фонди участкаларида – Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг тақдимномасига биноан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари билан ташкил этилади;
  • бошқа ҳолларда – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги тақдимномасига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари билан ташкил этилади. 

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 30.09.2020 йилдан кучга кирди.

Олег Заманов. 


*Ўрмон фонди ерларининг бир қисмига.

 

**Ўртача туман балл бонитетининг 20%идан ошадиган кадастр баҳосига эга бўлган.