Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Как платить налоги, работая в Узбекистане, но находясь за рубежом Как изменит учет товаров обязательная цифровая маркировка Оплатили за гостиницу иностранному специалисту: налоговые последствия

Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш: янги босқичда нималар кутилмоқда

20.11.2020

Читать на русском языке

Президентнинг 12.11.2020 йилдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6110-сон Фармони қабул қилинди.

 

26 та туман (шаҳар)ларда қуйидагиларни назарда тутувчи такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизмати жорий қилинади:

  • аҳоли уларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳи ва бошқалар) бўлинади, аҳоли гуруҳ мансублигига кўра белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтади ва саломатлиги даврий кузатувга олинади;
  • мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олинади ҳамда уйига борган ҳолда уларга тиббий хизмат кўрсатилади ва индивидуал патронаж амалга оширилади;
  • профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий тиббий скрининг текширувлари ўтказилади;
  • патронаж кўрикларини мақбуллаштириб, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий қилинади;
  • умумий амалиёт шифокори мутахассислиги оилавий шифокор этиб қайта номланади, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилади;
  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма бевосита оилавий шифокор томонидан берилади;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш бевосита оилавий шифокор томонидан амалга оширилади;
  • оилавий шифокорга ёрдам берадиган терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган "тиббиёт бригадалари" ташкил қилинади;
  • профилактика инспекторлари маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда оилавий шифокорларга кўмаклашади, фуқароларнинг кечки сайрлари ва спорт ўйинларининг хавфсиз ўтказилишини ташкил қилади. Бунда, профилактика инспекторлари маҳаллалардаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичларига қараб ҳар 6 ойда маҳаллий бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантирилади;
  • "тиббиёт бригадалари" ўзларига бириктирилган ҳудудларда оилалар ва фуқаролар кесимида "тиббий харита"ни шакллантиради;
  • жойларда тиббий хизмат кўрсатишни соддалаштириш ва рақамлаштириш ҳамда ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида "тиббиёт бригадалари" махсус компьютер-планшетлари, мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминланади.

 

2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланади;

 б) туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилади.

 в) қуйидагилар:

  • оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ушбу ходимлар ҳар чоракда БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади (маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан);
  • босқичма-босқич (2021-2023 йиллар) иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг ишчи ва хизматчиларга жароҳат етказиш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ўрнига меҳнат шароитларини махсус баҳолаш тизими жорий этилади. У фақатгина махсус баҳолаш бўйича ишларни бажариш учун гувоҳномаси мавжуд ташкилот (юридик шахс) томонидан амалга оширилади. Махсус баҳоловчи ходимлар таркибига олий маълумотга эга бўлган меҳнат гигиенаси мутахассиси мажбурий тарзда киритилади. 2021 йил 1 январга қадар меҳнат шароитларини махсус баҳолаш бўйича маълумотларни киритиш ҳамда таҳлил қилиш механизмини жорий қилиш учун ягона электрон платформа базаси яратилади ва 2021 йил 1 февралга қадар ишга туширилади.

 

Аҳоли сони ва маҳаллий заруриятдан келиб чиқиб, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рўйхатига мувофиқ оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда туну-кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. маҳаллада аҳолининг саломатлиги, ҳудуддаги касалликларнинг ўсиши, аҳолининг шифохоналарга ётиши, шошилинч тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиши ва бошқалар оилавий шифокорнинг фаолияти натижадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари этиб белгиланади.

 

Ҳужжат билан тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қатъиян тақиқланади.

 

2021 йилдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун "Қишлоқ шифокори" дастури жорий қилинади. Унинг доирасида тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга:

  • 30 млн сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари;
  • уй-жойи бўлмаганларга - 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилади ёки БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджетидан компенсация қилинади.

 

Олис ва чекка ҳудудлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари томонидан олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб бўш шифокор иш ўринлари рўйхати тузилади ва мунтазам янгиланиб турилади.

 

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти ва Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилинади, уларда ва бошқа тиббий олий таълим муассасаларида етакчи хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий қилинади;
  • тиббиёт олий таълим ташкилотларининг вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалари ташкил қилинади ва уларнинг битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўтайди;
  • Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида ЖССТ тавсиялари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилинади. Мазкур ўқув юртлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилади, уларнинг ўқувчилари ихтисослигидан келиб чиқиб ушбу муассасаларда амалиёт ўтайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.11.2020 йилдан кучга кирди.


Эльмира Сиразиева.