Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Солиқчиларнинг ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровномасига 5 кун ичида жавоб бериш керак

02.06.2020

Читать на русском языке

Давлат солиқ қўмитаси Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида низомни (29.05.2020 йилда 3236-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқлади. Ҳужжат СК 138-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган. У жорий йилнинг 1 июлигача солиқ назоратининг турли шакллари бўйича қабул қилиниши керак бўлган НҲҲ пакетидаги илк ҳужжатдир.

 

Қандай ҳолларда камерал назорат ўтказилади

 

Камерал солиқ текшируви солиқ органи томонидан солиқ тўловчи (солиқ агенти) тақдим этган қуйидаги ҳужжатларни таҳлил қилиш асосида ўтказилади:

  • солиқ ҳисоботлари;
  • молиявий ҳисоботлар;
  • унинг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ва маълумотлар.

 

У солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати ўтмаган даврларга нисбатан ўтказилиши мумкин. Текширув солиқ органи жойлашган жойда амалга оширилади, солиқ тўловчининг ҳудуд ва биноларини кўздан кечириш (СК 145-моддасига мувофиқ) билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.

 

Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг буйруғи асосида қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ёки ўртача бўлганда;
  • солиқ органига жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлари келиб тушганда;
  • солиқ ҳисоботида хато ва (ёки) тафовутлар аниқланганда.

 

Солиқчилар кимдан қандай ахборотни сўраб олишга ҳақли

 

Камерал текширув жараёнида солиқ органи сўровнома (талабнома) орқали солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисоб ҳужжатларини, солиқ ҳисоботи ва ҳисоб ҳужжатларига доир тушунтиришларни, солиқларни ва (ёки) йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотларни талаб қилиб олиши мумкин. Сўровнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади ва жўнатилган санадан эътиборан 3 кундан кейин олинган деб ҳисобланади. Шахсий кабинет мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг 5 кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

 

Солиқ органи томонидан талаб қилинган ҳужжатлар ва тушунтиришлар сўровнома (талабнома) олинган кундан эътиборан 5 кун ичида тақдим этилиши керак. Солиқ тўловчи узрли сабабларга кўра мазкур муддатда ҳужжатларни тақдим этишга улгурмаса, сўровномани олган пайтдан бошлаб 1 кун ичида уни узайтириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши керак. Ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда Солиқ кодексининг 111-моддасига мувофиқ солиқ органи солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришга ҳақли.

 

Солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолат маълум бўлган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин. Зарурат туғилганда солиқ текширувини амалга оширишга доир тадбирларда иштирок этиш учун шартнома асосида эксперт, мутахассис ва таржимон жалб этилиши мумкин.

 

Хатолар аниқланганда нима қилиш лозим

  

Камерал солиқ текшируви якунларига кўра тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолларда, солиқ органи солиқ тўловчига ҳисоботга тузатиш киритиш ҳақида талабнома юборади. Солиқ ҳисоботига тузатиш киритиш ҳақида талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. 

 

Камерал назорат натижалари юзасидан хулоса тузилиб, унда аниқланган муҳим далиллар ва ҳолатлар, хатолар ва номувофиқликлар, бошқа ахборот кўрсатилади. Солиқ органи раҳбари камерал назорат натижаларини 3 кун ичида кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди. Шундан сўнг 2 кунлик муддатда солиқ тўловчига тегишли талабнома юборилади.

 

Камерал солиқ текшируви материаллари солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак.

 

Солиқ тўловчи текширувда аниқланган солиқ ҳисоботидаги тафовут ва (ёки) солиқ ҳисоботидаги хатолар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки тафовутларни асослантирувчи ҳужжатларни талабнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида тақдим этиши лозим.

 

Солиқ органи талабномага жавобан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 15 кун ичида кўриб чиқади, шундан сўнг солиқ тўловчига аниқлаштирилган талабнома юборилади. Солиқ тўловчи ушбу талабномани олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни бажаради.

 

Тақдим этилган тафовут асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда солиқ органи солиқ тўловчига илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисида билдириш хати ёхуд солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган солиқ суммалари тўғрисида аниқлаштирилган талабнома юборади.

 

Солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (ш.ж. аниқлаштирилган талабномадан кейин) ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса ёхуд тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

 

Солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди.

 

Низом талаблари ҚҚС суммаларини қоплаш билан боғлиқ камерал солиқ текширувларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.05.2020 йилдан кучга кирган.

 

Лола Абдуазимова.