Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Судьялар ўзи ким?

11.11.2016

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2016 йилдаги ПФ–4850-сон Фармонида судьяларнинг лавозимда бўлишларининг янги муддатларини белгилаш таклиф этилган. Энди учинчи муддатга тайинланган ёки танланган судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллайди. Мазкур тартиб қаерда ва қай тарзда қўлланилаётгани ҳақида янги шарҳимизда танишишингиз мумкин.

Давлат ҳокимияти тузилмасида судьяларнинг алоҳида мақомга эга экани бу лавозимга номзодлар учун алоҳида талаблар қўйиш, уларни сайлаш, танлаш, тайинлаш ва бўшатишнинг махсус тартиби, бундан ташқари, судьялар корпуси вакилларига нисбатан  қўлланиладиган алоҳида чекловлар бўлишини тақозо этади.

 

Юқорида келтирилган мезонлар бўйича миллий қонунчилик таҳлили натижаларини қуйидаги жадвалда келтириб ўтамиз.

 

 

Асосий талаблар

 

Фуқаролик

Ўзбекистон Республикаси.

Ёш

30 ёшдан кичик бўлмаган.

Маълумот

Олий юридик.

Иш стажи

а) юридик мутахассислик бўйича 5 йилдан кам бўлмаган муддатга*, энг аввало, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида, туманлараро, туман (шаҳар) фуқаролик судлари, жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судлари, вилоят даражасидаги хўжалик судларида;

 

б) юридик мутахассислик бўйича 7 йилдан кам бўлмаган, шу жумладан, одатда, судья тариқасида 2 йилдан кам бўлмаган муддатга, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида;

 

в) 10 йилдан кам бўлмаган муддат, хусусан, одатда 5 йилдан кам бўлмаган муддатга судья тариқасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик судида.

 

Қўшимча талаблар

 

Ҳарбий хизматга муносабат

Ҳарбий суд судьяси ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган бўлиши ва офицерлик таркибидаги ҳарбий унвонга эга бўлиши керак.

Ўқиш ва малака ошириш

Илк маротаба лавозимга тайинланаётган судьялар меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилган тартибда уларни мажбурий тарзда ўташади, аммо уларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

Тилларни билиш

Суд жараёни ўзбек, қорақалпоқ тилларида ёки мазкур жойдаги маҳаллий аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Холислик ва судьялар этикаси

Ишларни кўриб чиқишда судьялар Конституция ва бошқа қонунларга сўзсиз амал қилишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ор-номуси, обрў-эътибори, мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳуқуқлари ҳамда қонун томонидан ҳимоя қилинадиган манфаатларининг ҳимоясини таъминлаб беришлари, холис ва адолатли бўлишлари зарур. Судья шарафини ҳимоя қилишлари, судьяларнинг этик ахлоқига риоя этишлари, судьяларнинг ҳаққонийлигига, обрўсига ёки одиллигига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишлари даркор.

 

Чекловлар

 

Суд жараёни сирлари

Судьялар суд мажлисларининг сирларини ва ёпиқ суд мажлисларида олинган маълумотларни ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.

 

Сиёсий ҳуқуқлари

Судьялар давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари сенатори, депутати бўлиши мумкин эмас.

Партиявийлик

Судьялар сиёсий партияларга аъзо бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши мумкин эмас.

Тадбиркорлик

Судьялар илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари пул тўланадиган фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

*Эслатма: қонунчиликда махсус стажга киритиладиган ишлардаги лавозимлар кўрсатилмаган, бу эса уни ҳисоблашда баъзи қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Ўйлашимизча, бундай лавозимлар рўйхатини “Судлар тўғрисида”ги Қонунда ёки қонун ости ҳужжатида, масалан, Президентнинг 29.12.2012 йилдаги Ф-3949-сон фармойишида келтириш ёки алоҳида ҳужжат сифатида тасдиқлаш мумкин1.

 

Кимнидир тайинлашади, кимнидир сайлашади

 

Ўзбекистонда судья мақомини олишнинг дифференциал тизими амал қилади:

  • вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий суд, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди судьялари тайинланади. Уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти саралаш ва тавсия қилиш бўйича Олий малака комиссиясининг тақдимномасига кўра тайинлайди;
  • Олий суд ва Олий хўжалик суди судьялари (Олий Мажлис Сенати томонидан Президент тақдимномасига кўра) сайланади.

 

Расман қонунга кўра суд тизимининг барча даражадаги ҳам тайинланадиган, ҳам сайланадиган судьялар ваколатларининг ягона муддати 5 йилни ташкил этади (“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 63-моддаси). Бироқ яқин келажакда ушбу норма ўзгартирилади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2016 йилдаги ПФ-4850-сон Фармонининг 2-бандига мувофиқлаштирилади. Натижада учинчи муддатга тайинланган (сайланган) судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллайди (биринчи муддат 5 йил, иккинчи муддат 10 йилни ташкил этади).

 

Бундай механизм “океан ортидаги” ва яқин чегарадош давлатларда аллақачон амалиётга жорий этилган. Фақат уларнинг ҳар бирида ўзига хосликлар мавжуд.

 

Уларда бу қандай тузилган?

 

Англо-саксон ҳуқуқ тизимида аксарият давлатлар томонидан қўлланадиган масалага универсал ёндашув шаклланган, улар судьяларнинг муддатсиз ўз ваколатини бажаришини тан олишади. Америка ва англиялик адолат ҳимоячиларининг лавозим эгалаши расмий муддат билан чегараланмаган (АҚШ ҳамда Буюк Британия Олий суди судьялари), улар обрў-эътибори ҳамда профессионал фаолиятига доғ тушгунга қадар ўз лавозимини эгаллаши мумкин. Суд этикаси қоидаларини бузиш ёки жиноятга қўл уриш ушбу давлатларда судьянинг импичментига, яъни ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш ва имтиёзлилик мақомидан мосуво бўлишга сабаб бўла олади.

 

Худди шу сингари Россиядаги федерал судьяларнинг ваколатлари ҳам маълум муддат билан чегараланмаган (Россия Федерациясининг 26.06.1992 йил 3132-1-сон “Судьялар мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси). Аммо лавозимни эгаллашнинг чегараланган ёши белгилаб қўйилган – 70 ёш (башарти тегишли федерал конституцион қонун билан бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса). Лавозимда бўлишнинг чегараланган муддати тугаган судьялар ўз иштироки билан бошланган иш якунлангунга қадар ёки мазкур судга янги судья тайинлангунга қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттиради.

 

Қозоғистон Республикасида ҳам судьяларга доимий муддатга ваколатлар берилади (Қозоғистон Республикасининг 25.12.2000 йилдаги 132-II-сон «Суд тизими ва Қозоғистон Республикаси судьяларининг мақоми тўғрисида»ги Конституцион қонунининг 24-моддаси). Судьянинг қонун томонидан белгилаб берилган пенсия ёшига етганидан кейин ҳам чегараланган муддатга қадар у лавозимда бўлишига Олий Суд Кенгашининг розилиги билан Олий суднинг Раиси томонидан йўл қўйилиши мумкин экани белгиланган. Лавозимни эгаллаб туришнинг чегараланган ёши - 65 ёш. У алоҳида ҳолатларда энг кўпи билан 5 йилга узайтирилиши мумкин.

 

Украинадаги судьялар штати ҳам шундай схема бўйича шаклланган. Суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар амалга оширилганидан кейин судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллаши мумкинлиги белгиланди. Шу билан бирга уларнинг лавозимни 65 ёшгача эгаллаши кафолатланган. Судьянинг ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаши ва истеъфо бериши ҳолатлари бундан мустасно. Муқаддам уларнинг ваколат муддати беш йил билан чегараланган бўлгани боис ўзгартиришлар киритилганидан кейин ваколатлари тугаган судьялар номзоди биринчи даражада кўриб чиқилади.

 

Скептик фикри

 

- Алмашинувчанлик давлат ҳокимияти тизимидаги энг муҳим демократик тамойиллардан бири ҳисобланади. Ҳокимият ваколатларининг бир шахс томонидан амалга оширилиши муддатларини чекловчи механизмлар суиистеъмолликлар ўсишини олдини олади ва коррупция омилини тўхтатади.

 

Таҳририят фикри

 

- Шундайликка шундай, бироқ баъзи аҳамиятга молик нарсаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак.

 

Биринчидан, республикада судья лавозимига номзодларни саралаб олиш тартиби амалда, ушбу жараёнда уларнинг ҳам профессионал, ҳам шахсий хусусиятлари синчковлик билан текширилади. Бундан ташқари, ҳужжатда илк муддатлар тариқасида 15 йил билан чегараланган қўшимча “элак” назарда тутилган. Бундан келиб чиқадики, учинчи бутун умрлик муддатга судьялар корпусининг фақат энг муносиблари ўта олади.

 

Иккинчидан, судьянинг ваколатлари муддатсиз бўлиши унинг жазолардан озод этилишини англатмайди. Судьяларнинг йўл қўйган ҳуқуқбузарликлари учун маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш механизмлари, гарчи баъзи ўзига хосликларга эга бўлса-да, барибир мавжуд. Муайян шароитларда судья ўз мақомидан муддатидан олдин мосуво бўлиши мумкин.

 

Учинчидан, суд соҳасида кадрларга оид ўзгаришларнинг тез-тез учраши бутун давлат ҳуқуқий тизими учун салбий ҳолатдир. Ҳаёт тажрибасида тобланган одамлар, бой касбий амалиёти бўлганлар ўз гарданига ортилган муҳим вазифаларни кутилганидек уддалашга қодир.

 

Шу жиҳатдан олиб қараганда судьяларнинг лавозимини муддатсиз эгаллаши ҳақидаги янгилик адолат ҳимоячилари учун яна бир қўшимча кафолат, суд тизимининг эркинлиги, фуқаро ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимояси таъминоти деб баҳоланмоқда.

 

Олег ЗАМАНОВ, 

экспертимиз.

 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллаши мумкин

 

Апелляция хўжалик судлари нима учун керак?

 

Ўзбекистонда маъмурий судлар ташкил этилади

 

Алвидо, қамоқ!


 


1 Масалан, Беларусь Республикасида умумий ёки хўжалик судьяси лавозимига номзод учун мутахассислик бўйича стажни ҳисоблаш Адлия вазирлигининг  18.12.2008 йилдаги 77-сон қарори билан қатъий белгилаб қўйилган.