Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ўзбекистонда бир қатор товарлар ва хизматларни реализация қилишда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш тақиқланади: ПФ-246-сон Фармоннинг тўлиқ шарҳи 1С:Бухгалтерия 8.3 дастурида валюта олди-сотдиси операциялари қандай акс эттирилади Якка тартибдаги тадбиркор солиқ солиш тизимини қандай ўзгартириши мумкин – Buxgalter Pro Якка тартибдаги тадбиркор солиқ солиш тизимини қандай ўзгартириши мумкин – Buxgalter Pro

Асосий ставка ўзгаришсиз қолди

12.12.2025

Рус тилида ўқиш

Марказий банк Бошқаруви 11.12.2025 йилда асосий ставкани йиллик 14% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди, бу эса ўрта муддатли истиқболда инфляцияни пасайтиришга ёрдам беради.

 

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари инфляцион босим ва инфляцион кутилмаларнинг босқичма-босқич пасайишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётда барқарор ялпи истеъмол талаби, таклиф омиллари ҳамда хизматлар соҳасида нархларнинг юқори динамикаси таъсирида маълум инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда. Қабул қилинган қарор ўрта муддатли истиқболда инфляцияни барқарор пасайтириш траекториясига эришишга қаратилган.

 

Ноябрь ойида инфляциянинг пасайиш тенденцияси давом этди ва унинг йиллик кўрсаткичи 7,5 фоизни ташкил этди. Бунга асосий ҳисса нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва алмашув курсининг мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляциянинг секинлашиши бўлди. Хусусан, ноябрь ойида базавий инфляция йиллик 6,3 фоизгача пасайди. Импорт нархлари ноозиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясини барқарорлаштиришга ёрдам берди.

 

Шу билан бирга, хизматлар инфляцияси бироз секинлашганига қарамай, талаб омиллари ҳисобига умумий инфляция даражасидан юқорилигича қолмоқда.

 

Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этди.

 

Юқоридаги омилларни инобатга олган ҳолда, 2025 йил якуни бўйича умумий инфляция 7,3 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бунда, инфляция прогнозининг пасайиш томонга қайта кўриб чиқилиши миллий валютанинг олдинги ҳисоб-китобларга нисбатан юқори даражада мустаҳкамланиши ҳисобига импорт қилинадиган инфляция ва инфляцион кутилмаларга кутилганидан кўра кучлироқ пасайтирувчи таъсир кўрсатиши билан изоҳланади.

 

Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якуни бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

 

Иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб, потенциалдан юқори ўсиш суръатларини шакллантиради. Меҳнат бозорида талабнинг ўсиши, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар, банклараро транзакциялар ҳажмининг кўпайиши шундан далолат беради. Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 7-7,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

 

Жорий инфляция динамикасининг пасайиши билан бир қаторда, келгусида таклиф омиллари билан боғлиқ муайян хатарлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи билан боғлиқ хатарлар, сўнгги ойларда транспорт хизматлари нархларининг ошиши, шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг индексацияси натижасида юзага келадиган иккиламчи таъсирлар шулар жумласидандир.

 

Жаҳон иқтисодиёти молиявий шароитлар ва фискал рағбатларнинг босқичма-босқич юмшаши фонида кутилганидан юқори суръатларда ўсмоқда. Шу билан бирга, халқаро хомашё бозорларида юқори нархлар конъюнктураси сақланиб қолмоқда. Бу мамлакатнинг экспорт тушумларини янада қўллаб-қувватлайди.

 

Қулай ташқи шароитлар реал самарали алмашув курсини ўзининг узоқ муддатли мувозанатли трендига яқин даражада шаклланишига хизмат қилади.

 

Ички молия бозорида номинал фоиз ставкаларининг нисбатан барқарор динамикаси шароитида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши реал фоиз ставкаларининг юқори даражада шаклланишига ҳамда миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Бу муддатли депозитларнинг юқори ўсиш суръатларида ўз аксини топмоқда.

 

Шу билан бирга, молиявий инклюзивликнинг ўсиши ҳисобига чакана кредитлашнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш юқори истеъмол фаоллигини акс эттириб, келгусида ялпи талабни қўллаб-қувватлаган ҳолда инфляцияга оширувчи босимни кучайтириши мумкин.

 

Бундай шароитда инфляция даражаси пасайишини барқарор давом эттириш ва инфляцияни оширувчи хатарларни минималлаштириш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз, йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасига эришиш учун пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъий бўлишини таъминлайди. Бунда пул-кредит шароитлари инфляция динамикаси ва инфляцион хатарлар мувозанатидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилиши мумкин.

 

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 28 январга белгиланган.