Ўзбекистон Республикасининг 20.08.2015 йилдаги Қонуни билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида материаллар циклини давом эттирамиз.
ЖКнинг 1924–моддаси билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик фаолиятига мажбурий жалб этиш учун жиноий жавобгарлик киритилган.
Жиноят субъектлари: бу модда бўйича фақат давлат органлари ва ташкилотларининг, жумладан назорат қилувчи органларнинг, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг виждонсиз мансабдор шахслари ва хизматчилари жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жиноий қилмиш тадбиркорлик субъектларини пул маблағларини ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этишда ифодаланади.
Бунда қайд қилиш лозимки, ушбу ҳолатда ўз лавозим ёки хизмат ваколатларидан фойдаланиш йўли билан мажбурлаш ҳақида сўз бормоқда. Босқинчилик ёки зўрлик ёхуд соғлиққа зарар етказиш, мулкни талон-тарож қилиш, обрўни тўкадиган маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ қўрқитиш ёки ҳаракатлар товламачилик, босқинчилик ва талончилик ҳисобланади ҳамда кўрқитиш ва ҳаракатларнинг тусига боғлиқ ҳолда ЖКнинг анча жиддий 164, 165 ва 166-моддаларига биноан жавобгарликка олиб келади.
Бундан ташқари, мансабдор шахс ва хизматчиларнинг ҳаракатларини ЖКнинг 1924 –моддасига биноан малакалашда улар тадбиркорлик субъектини айнан ўзининг моддий бойиши билан боғлиқ бўлмаган бошқа тадбирларда хайрия ва ҳомийликка мажбурлаганликлари (масалан, давлат органининг моддий-техника таъминотида ёрдам кўрсатиш, қандайдир жамғармага ёки жамоат бирлашмасига пул маблағларини ўтказиш ва ҳ.к.) муҳим. Акс ҳолда бундай ҳаракатлар ЖКнинг 210-моддаси таъсирига тушади (пора олиш).
Жазо: Мазкур жиноят учун жазонинг энг кам миқдори – 50дан 300 ЭКИҲгача жарима, энг юқори миқдори эса – 3 йил озодликдан маҳрум қилиш.
Бироқ айбдорни фақат у олдин1 шундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирдагина жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.
Алоҳида қайд этиш лозимки, айбдор томонидан ушбу модда бўйича етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Эслатиб ўтамиз, “Ҳомийлик тўғрисида” 2.05.2007 йилдаги ЎРҚ-96-сон Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ ҳомийлик (ҳомийлик фаолияти) остида юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан, пул маблағларини қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами (фаолияти) тушунилади.
“Ҳомийлик мақсадлари” термини мазкур Қонуннинг 4-моддасида аниқлаштирилади. Уларга қуйидагилар киради:
фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилинмаган ва кам таъминланган тоифаларининг моддий аҳволини яхшилаш, ўз жисмоний ёки интеллектуал хусусиятлари, бошқа ҳолатлар сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қила олмайдиган ишсизларни, ногиронларни ва бошқа шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш;
халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
оиланинг жамиятдаги нуфузи ва ролини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
таълим, фан, маданият, санъат, маърифат соҳасидаги фаолиятга, шунингдек шахснинг маънавий камол топишига кўмаклашиш;
касалликлар профилактикаси ва фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятга, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашиш, фуқароларга маънавий-руҳий ёрдам кўрсатиш;
жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;
аҳолини табиий офатлар, экология, саноат ҳалокатлари ёки бошқа ҳалокатлар оқибатларини бартараф этишга, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга тайёрлаш;
террорчилик ҳаракатлари, табиий офатлар, экология, саноат ҳалокатлари ёки бошқа ҳалокатлар натижасида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш;
атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, шунингдек қонунга зид келмайдиган бошқа мақсадлар.
Бунда тижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва ҳаракатларга кўмак бериш ҳомийлик ҳисобланмайди.
Самир ЛАТИПОВ, экспертимиз.
1 МЖтКнинг 2414-моддасида шунга ўхшаш ҳуқуқбузарлик учун кўзда тутилган маъмурий жарима миқдори 10–20 ЭКИҲни ташкил қилади.