Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ишдан бўшатиш таомили: иш берувчи нималарни билиши керак

25.12.2017

 

Мазкур шарҳда ходимни асослар қандай бўлишидан қатъи назар иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишнинг босқичма-босқич таомилига батафсил тўхталамиз, шунингдек кўп содир этиладиган хатоларни муҳокама қиламиз.

 

Ишдан бўшатиш асослари

 

Фақат биргина иш берувчининг истак-хоҳиши билан ишдан бўшатиш мумкин эмас. Бунда фақат қонунчилик билан мустаҳкамланган асослар бўлиши зарур. Иш берувчи ўз ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлган сабаблар Меҳнат кодексининг (МК) 100-моддаси 2-қисмида баён этилган. Мазкур рўйхат тугал бўлиб, унинг доирасидан чиқишга мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳеч бир ташкилотга қатъиян йўл қўйилмайди. «Норма маслаҳатчи» газетасидаги шарҳлардан бирида ходимнинг меҳнат вазифаларини мунтазам ва бир марта кўпол бузганлиги учун ишдан бўшатиш мавзуси батафсил ёритилган эди.  

 

Кўпинча иш берувчилар бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаганда ишдан бўшатиш ҳолатларини МКнинг 100-моддаси нормалари билан асослаб, уларни нотўғри қўллайдилар.

 

Мисол учун. Иш берувчи 54 ёшга тўлган ходима билан меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 7-қисмига биноан (ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда) бекор қилди. У «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 54 ёшга тўлган аёлларнинг зарур меҳнат стажига эга бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқини олиши тўғрисидаги нормасига ҳавола келтирган.

 

Мазкур ҳолатда иш берувчининг ҳаракатлари ғайриқонуний, чунки айнан ходимага ўз хоҳишига кўра муддатидан олдин пенсияга чиқиш, иш берувчига эса у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Иш берувчи учун ходиманинг МКнинг 289-моддасида кўрсатилган — 55 ёшга тўлиши уни ишдан бўшатиш учун асос бўлади.

 

Ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш

 

Бу иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш босқичларидан биридир, бунда талай хатоларга йўл қўйилади. Кейинчалик ушбу хатолар боис иш берувчилар ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклашларига тўғри келади. Улардан энг кенг тарқалганларини кўриб чиқамиз.

 

Аксарият ҳолатларда огоҳлантириш шакли ёзма бўлишидан (ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандлари бўйича ишдан бўшатганда ходимни оғзаки огоҳлантиришга йўл қўйилади) бошлаймиз. Ходимни у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришга меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзо қўйиши шарт. Аксарият ҳолатларда содир бўлганидек, бўлим бошлиғи (бевосита раҳбар) ёки кадрлар бўлими ходими эмас. Улар фақат огоҳлантиришни ходимга топширишлари мумкин.

 

Ходимнинг огоҳлантирилганлиги факти огоҳлантиришнинг иккинчи нусхасига у томондан қўйиладиган имзо билан тасдиқланади ва у иш берувчида қолади. Биринчи нусха ходимга топширилади. 

 

Амалиётда кўпинча ходимга огоҳлантиришни топширишда қийинчилилар туғдирадиган ҳолатлар вужудга келади.

 

1-мисол. Ходим у ёки бу сабабларга кўра ишда бўлмайди (таътил, отгул, прогул ва бошқалар), бу эса унга огоҳлантиришни топшириш имконини бермайди. Бундай ҳолатда ҳужжатни почта орқали буюртма хат тарзида хабарнома билан ходимнинг яшаш жойи манзили бўйича юбориш мумкин. Бунда алоҳида бланка расмийлаштирилиб, унга адресат огоҳлантиришни олганлигини юзасидан имзо қўйиши шарт. Кейин адресат томонидан имзоланган бланка хат топширилганлигининг тасдиғи сифатида иш берувчига қайтарилади. Шунингдек, ходимнинг яшаш жойига бориб, уни топшириш мумкин. 

 

Бу - муҳим! Агар ходим касаллик ёки давлат ҳамда ижтимоий мажбуриятларни бажарганлиги сабабли ишда бўлмаса (МКнинг 165-моддаси), огоҳлантиришни топширишни ходим ишга чиққунига қадар кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади, чунки ушбу даврлар барибир огоҳлантириш муддатига киритилмайди.

 

2-мисол. Ходим огоҳлантиришни олиш ва ўз имзосини қўйишдан бош тортмоқда. Бундай ҳолатда ходимга огоҳлантиришни топширишда ходимнинг огоҳлантириш билан танишганлиги ҳамда уни олиш ва унга имзо қўйишдан бош тортганлиги фактини тасдиқлаш тўғрисида ҳозир бўлган ходимларнинг имзоси билан далолатнома тузиш зарур.

 

Бу - муҳим! Огоҳлантиришни ҳисоблаш муддати огоҳлантиришни чиқариш санасидан эмас, балки ходим ҳақиқатда огоҳлантириш билан танишган санадан бошланади.

 

Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи розилигини олиш

 

Иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб олиш шарт, башарти бу жамоа шартномаси ёки жамоа келишуви (МК 101-модда)да кўзда тутилган бўлса.

 

Яъни агар тармоққа оид ёки ҳудудий жамоа келишуви иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга вакиллик органининг олдиндан розилигини олишни кўзда тутса, мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида айтиб ўтилган-ўтилмаганлигидан қатъи назар бундай розилик олиниши керак.

 

Мисол. Ходим – коллеж ўқитувчисини МКнинг 100-моддасига асосан ишдан бўшатишда коллежнинг жамоа шартномасида бундай банд кўзда тутилмаганлиги боис касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаган. Бироқ ходим юқори турувчи касаба уюшмаси ташкилотига қилган мурожаатидан сўнг уни олдинги ишига қайта тиклашди, чунки касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш таълим, фан ва маданият ходимларининг тегишли тармоққа оид жамоа келишувида тўғридан-тўғри кўзда тутилган бўлиб, у мазкур коллежга ҳам татбиқ этилган эди.

 

Ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича вакиллик органининг йиғилишида ходимнинг ўзи иштирок этганлиги факти ушбу босқичнинг яна бир муҳим жиҳати ҳисобланади. Амалдаги меҳнат қонунчилиги ходимнинг ҳозир бўлишининг мажбурийлигини кўзда тутмайди. Лекин жамоа шартномаси ёки жамоа келишуви бундай нормани сақлаши мумкин. Бунинг устига, мазкур банд Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ишлаб чиқилган жамоа шартномаси намунасида мавжуд, демакки, ижро этиш учун тавсия қилинган.

 

Касаба уюшмаси қўмитасининг ходимни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқиладиган мажлиси хусусида ходимни юқорида кўрсатилган усуллар билан огоҳлантириш мумкин. Агар лозим даражада огоҳлантирилган ходим йиғилишга узрли сабабларсиз келмаган бўлса, йиғилишни кўчириш учун асос йўқ. Бироқ, агар ходим бетоб бўлса ёки унинг йиғилишда ҳозир бўлмаслиги учун бошқа узрли сабаблар бўлса, йиғилишни бошқа вақтга кўчириш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Буйруқни расмийлаштириш

 

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан имзоланади. Яъни ходимларни ишга қабул қилиш ва бўшатиш бўйича ваколатлар унга тегишли ҳужжатлар – устав, низом, ишончнома ва бошқалар билан унинг зиммасига юклатилган бўлиши даркор.  

 

Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун ҳисобланади. Аммо кўпинча кадрлар хизматлари ходимлари ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни “олдиндан” расмийлаштиришади, бу эса баъзан қатор муаммоларни юзага келтиради.   

 

Мисол. 2 ноябрь куни ходимга малакаси етарли бўлмагани боис бажараётган ишига мувофиқ келмаслиги сабабли икки ҳафтадан кейин у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантириш топширилди. Иш берувчи 15 ноябрь куни ходимни 16 ноябрдан ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқаради. Буйруқ расмийлаштирилади, рўйхатдан ўтказилади. Бироқ, 16 ноябрь куни ходим тўсатдан бетоб бўлиб қолганлиги сабабли “касаллик варақасини” расмийлаштирган ҳолда ишга чиқмайди. Мазкур ҳолатда иш берувчи ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги 15 ноябрь куни чиқарган буйруғини бекор қилишига тўғри келади, чунки ходим вақтинчалик ишга лаёқатсиз бўлган даврда иш берувчининг ташаббуси билан у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди.

 

Меҳнат шартномаси бекор қилинган кун иш берувчи буйруқ нусхасини ходимга бериши керак. Аммо аксарият иш берувчилар ходимни буйруқ билан таништириш билан чекланишади, унинг нусхасини қўлига беришмайди. Бу ғайриқонуний. Бунинг устига мазкур ҳолат судда ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқишда роль ўйнаши мумкин.

 

Мисол. Ишдан бўшатишда иш берувчи ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқ нусхасини бермаган. Орадан 2 ой ўтгандан кейин ходим ишга тиклаш тўғрисида судга даъво аризасини тақдим этган, чунки у ишдан бўшатилишига рози эмас. Суд процессида иш берувчи тараф даъвогарнинг судга мурожаат этиш муддати ўтиб кетгани боис (ходимга буйруқ нусхаси топширилган кундан бошлаб 1 ой, МК 270-модда) даъво аризасини кўриб чиқишни рад этишни сўраб илтимоснома билан мурожаат этган. Бироқ суд ходимнинг буйруқ нусхасини олмаганини белгилаб, илтимосномани рад этган.

 

Меҳнат дафтарчасини бериш

 

Шунингдек, ишдан бўшатиш кунида иш берувчи унга меҳнат дафтарчасини топшириши шарт. Жуда кўп ҳолларда иш берувчилар ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида топширишмайди, буни қуйидаги сабаблар билан асослайдилар: «ходим айланма варақни тўлдирмаган», «моддий жавобгар ходим унга ишониб топширилган қийматликларни қабул қилиш-топширишни расмийлаштирмаган» ва ҳоказо.

 

Бу - муҳим! Ҳеч қандай сабаб, жумладан юқорида келтирилган сабаблар ходим ишдан бўшатилгандан кейин унга меҳнат дафтарчасини беришни кечиктиришга асос бўлиши мумкин эмас. Ушбу талабни бузиш  ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида топширмаганлиги сабабли мажбурий прогулни тўлашга сабаб бўлади (Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномага қаранг).

 

Иш берувчилар йўл қўядиган яна бир хато – меҳнат дафтарчасига ишдан бўшатиш тўғрисидаги қайдни моддани ёки меҳнат шартномаси бекор қилиниши сабабини кўрсатган ҳолда киритишдир. Масалан, «Ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинди». Бундай хато ходимнинг меҳнат дафтарчаси мазмунини бузиши шубҳасиз ҳамда кейинчалик бошқа иш берувчиларга ишга жойлашишида тўсиқ бўлиши мумкин.

 

Хулоса қиламиз. Иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатаётганда қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур:  

  • фақат МКнинг 100-моддасида белгиланган асослар бўйича ишдан бўшатиш;
  • ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида МКнинг 102-моддасида талаб этилганидек, олдиндан огоҳлантириш;
  • жамоа шартномаси ёки келишувида кўзда тутилган тақдирда ишдан бўшатиш учун вакиллик органининг розилигини олиш.  
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда: буйруқни расмийлаштириш, унинг нусхасини ходимга меҳнат дафтарчаси билан бирга топшириш. Ишдан бўшатиш асосларини меҳнат дафтарчасида қайд этмаслик.

 

Ленара Хикматова.

 

 

 

 

 

Валюталар курси

2018-09-18
  • USD:8039.00 (+176.83) сум
  • EUR:9347.75 (+266.16) сум
  • RUB:118.05 (+5.46) сум