Миллий қонунчилигимизда банкрот сўзининг тушунчаси ва белгилари, жисмоний ва юридик шахснинг банкрот деб тан олиниш шартлари ва тартиби “Банкротлик тўғрисида”ги (1994 йил 5 майдаги ЎРҚ-1054-XII-сон) Қонунда ўз аксини топган. Аммо “банкрот” сўзининг асл маъноси нима, у қаердан, қандай келиб чиққан? Қуйида шу саволга жавоб излаймиз.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Ким банкрот?
Ким банкрот?
23.01.2017

Бир неча асрлар муқаддам бутун дунёда бир мамлакат тангаларини бошқалариникига алмаштириш билан шуғулланувчи махсус одамлар фаолият юритган. Бу одамларни саррофлар деб аташган, уларнинг фаолияти ўз йўналиши бўйича бугунги замонавий валюта пунктлари иши билан деярли айни эди.
Саррофлар бозорларда, йирик савдо майдонларида ёки йирик порт шаҳарларнинг денгизи қирғоғида савдо қилишарди. Саррофлар одатда мустақил равишда ишни бошлаши учун аввало тажриба орттириши талаб этилган. Чунки улар турли мамлакатлар тангаларини танишлари, сохтасини ҳақиқийсидан ажрата олиши, қолаверса, валюталарнинг ўзаро қиймати ва нисбатларини яхши билиши керак эди.
У замонларда бойлар ўз бойликларини бажонидил саррофларга ишониб топшириб қўйишар, аксарият қисмини уларда сақлашар эди. Чунки узоқ сафарга отланганда уларни ўзи билан бирга олиб юриш хавфли, саррофларнинг эса хизмати беминнатгина. Сарроф топширилган пуллар эвазига ҳужжат берар, кейинги портда ёки бозорда бошқа саррофдан арзимаган фоиз эвазига уни нақдлаб олиш муаммо туғдирмасди.
Кейинчалик ғарбда саррофларни “банкир” деб атай бошлашди. У итальян тилидаги “banco», яъни сарроф навбатдаги битимни кутиб ўтирадиган “ўриндиқ” сўзидан келиб чиққан эди. Кейинчалик мазкур сўз маблағларни жалб этиб, фоиз эвазига пул ажратадиган, сирасини олганда саррофларнинг вазифасини бажарадиган муассаса — “банк” тушунчаси учун негиз ролини ўтаган.
Саррофлар орасида қаллоб, фирибгарлари ҳам кўп учраган. Улар пулларни ҳақиқий курсидан анча паст нархда сотиши, ё бўлмаса, сохта тангаларни тиқиштириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас эди. Аммо маҳаллий аҳоли бундайларни аниқласа, дарров танобини тортиб қўярди. Товламачини иш жойидан қувғин қилишар, унинг ўриндиғини эса оломоннинг кўз ўнгида синдириб, парчалашарди. “Банкрот” сўзи шундан келиб чиққан, яъни “banca rotta” — “синган ўриндиқ” маъносини билдиради.
Фозила Ашурова, мухбиримиз.
Янги сонларда ўқинг

- МЧЖга улушларни ўтказиш механизмларида нималар ўзгармоқда?
- Сертификат талаб қилинмайди
- Чет элда тўланган фойда солиғи қандай ҳисобга олинади ва солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади
- Қандай активлар МҲХС бўйича асосий воситалар таркибидан чиқарилиши керак
- «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»

- Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҚҚСнинг ноль ставкаси жорий этилмоқда
- Пенсияни тиклаш, паспортни алмаштириш, санаторийга йўлланмалар, имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи ҳақида...
- Отгуллар: қандай тўғри расмийлаштириш керак
- Ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг комплекс тизими жорий этилмоқда
- Ходим меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида қачон огоҳлантириши керак