Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Декабрь: бош бухгалтер йил охиригача қандай ишларни тугатиши керак 29 ва 137-кодлар бўйича ҳисоботларни юборишда юзага келган муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин эди Инвентаризация қандай ўтказилади: умумий қоидалар

Кўчмас мулкни устав фондига киритаман. Ким мумкин эмас деб айтди?

03.03.2016

Конституциямизга асосан хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, фойдаланади ва тасарруф этади. Давлат ... иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини1  кафолатлайди.

 

Пировардида бу нормалар кўпгина қонун ҳужжатларида мужассамлашган.

 

Бунда, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 28-моддасига2 асосан Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар топширилди:

 

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш;

 

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаш.

 

Бу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш учун мулк ҳуқуқини бузадиган бир қонуности ҳужжатининг ноаниқ нормасини ва уни тузатиш вариантини кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.

 

“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 40-банди биринчи қисмида3:    “Юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган бинолар ва иншоотлар улар томонидан янги яратилган юридик шахсларнинг устав фондига киритилган тақдирда, ушбу бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи янги яратилган юридик шахслар номига рўйхатдан ўтказилади” дейилади.

 

Бу бандда сўз кўчмас мулкни фақат янги (янги барпо этилган) юридик шахслар устав фондига киритиш ва мулк ҳуқуқини фақат улар номига рўйхатдан ўтказиш имконияти ҳақида бормоқда.

 

Шундай қилиб, барпо этилган ва мавжуд юридик шахслар устав фондига кўчмас мулкни киритиш мумкин ЭМАСлиги ва  унга мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш мумкин ЭМАСлиги келиб чиқади.

 

Низомда қонун ҳужжатининг мазкур бандига тузатиш киритадиган бошқа нормалар мавжуд эмас.

 

Бироқ бу шарт Ўзбекистоннинг қарор қонунларига зид.

 

Хусусан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 4-моддасига4 асосан мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан Қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли, ундан хўжалик фаолиятини ва Қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин. Барча мулкдорларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда тенг шароитлар таъминланади.

 

Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг йўлларидан бири эса мол-мулкнинг айрим турларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келганлигини, ўзгарганлигини ва бекор қилинганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳисобланади (юқорида кўрсатилган Қонуннинг 8-моддаси).

 

Шунинг учун аллақачон фаолият юритаётган юридик шахслар муассисларига мулк ҳуқуқини реализация қилишда сунъий чеклов ўрнатиш, шунингдек уни рўйхатдан ўтказиш йўли билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум қилиш ғайриқонунийдир.

 

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 8-моддасига5 асосан тадбиркорлик фаолияти субъектлари:

 

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;

 

кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга ҳақли.

 

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 15-моддасига асосан тадбиркорлик фаолияти тадбиркорлик субъектларининг хусусий мол-мулки ва (ёки) жалб қилинган мол-мулк асосида амалга оширилиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига асос ва восита бўлган мол-мулк, шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳуқуқларнинг белгиланиши, ўзгартирилиши ва бекор бўлиши билан боғлиқ олди-сотди, гаров, ижара ва бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин.

 

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида” Қонуннинг 15-моддасига6 асосан пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган ҳиссалар бўлиши мумкин.

 

Жамият устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши жамиятнинг мол-мулки ҳисобига ва (ёки) жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига ва (ёки), агар бу жамиятнинг устави билан тақиқланган бўлмаса, жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

 

Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган қонунчилик нормалари юридик шахснинг устав фондига нафақат уни ташкил этишда, балки ҳар қандай пайтда ҳам кўчмас мулкни қонуний киритишнинг бир неча вариантларини мустаҳкамлайди.

 

Албатта, давлат органлари билан ўзаро муносабатларда қонунчилик мулкдор, шунингдек тадбиркорлик фаолияти субъети ҳуқуқларининг устуворлиги принципини белгилайди, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади; тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ  барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар эса тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади7.

 

Бироқ "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг ходимлари амалиётда барибир Низомнинг 40-бандини қўллаш эҳтимоли ўта юқори. Ахир бу банд юқорида кўрсатилган таърифда мавжуд ва бу фактни инкор қилиш мумкин эмас.

 

Шунинг учун фикримча, НҲҲдаги бундай зиддиятда низолар яширинган бўлиб, бу албатта мулкдорлар, тадбиркорлик фаолияти иштирокчилари ҳуқуқларининг бузилишига, пировардида эса суд низоларига олиб келади.

 

Бунда шуни эътиборга олиш жоизки,  мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг амалга оширилиши билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади8.

 

Демакки, бундай суд низолари, эҳтимол, кўп бўлади.

 

Бу ҳолатда даъвогарнинг ҳуқуқий позициясига келсак, у юридик жиҳатдан жуда мустаҳкам.

 

Конституциянинг 15-моддаси биринчи қисмига асосан унинг, шунингдек Ўзбекистон қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

 

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунинг 16-моддаси учинчи қисмига9 биноан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

 

Шунингдек “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ хусусий мулк муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжати мулкдорнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштирган ёки мулкдорга қўшимча мажбуриятлар юклаган тақдирда, орқага қайтиш кучига эга эмас.

 

Шундай қилиб, модомики юридик кучига кўра қонунлар ва Конституция Низомдан юқори турар экан, қонунлар ва Конституция нормалари қўлланиши керак. Фикримча, бундай тоифадаги ишлар суд томонидан жавобгар – "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси фойдасига эмас, балки  даъвогар фойдасига ҳал қилинади.

 

Албатта, ҳаммасини суднинг ихтиёрига қолдириш мумкин. Бироқ масалани айнан қонунчилик даражасида тартибга солиш талаб қилинади, чунки Низомнинг 40-бандининг тўғри таҳрири  амалиётни дарҳол тўғри йўлга йўналтиради.

 

Низомнинг 40-банди биринчи хатбошисига ўзгартириш киритиб, уни қуйидагича баён қилиш мақсадга мувофиқ кўрилади: “Муассислар (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан улар мулкидаги кўчмас мулкни юридик шахслар устав фондига киритилганда мазкур кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи кўрсатилган кўчмас мулк устав фондига киритилган юридик шахслар номига рўйхатдан ўтказилади”.

 

 

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат.

 

Мавзу бўйича мақолалар:

 

“Жавоб  берамиз!” Маълумот хизмати: корхона фойдасини тақсимлаш

 

Иштирокчи келди, иштирокчи кетди...

 

 

 _____________________

1 Конституциянинг 53 ва 54-моддалари.

2 24.09.2012 йилдаги.

3Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги 1-сон қарорига 1-илова.

4 24.09.2012 йилдаги.

5 25.05.2000 йилдаги. (2.05.2012 йилдаги янги таҳрири).

6 6.12.2001 йилдаги.

7 «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида» 24.09.2012 йилдаги Қонунинг 7-моддаси; «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» 25.05.2000 йилдаги (2.05.2012 йилдаги янги таҳрири) Қонунинг 11-моддаси. 

8 «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида» 24.09.2012 йилдаги Қонуннинг 15-моддаси учинчи қисми.

9 2000 йил 14  декабрдаги (2012 йил 24 декабрдаги янги таҳрири).


Валюталар курси

2024-12-11
  • USD:12874.02 (+0.00) сум
  • EUR:13558.92 (+0.00) сум
  • RUB:128.21 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50