Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Таксида юрганда: яқин келажакда қандай ҳисоблашамиз?

26.03.2019

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 6.03.2019 йилдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4230-сон қарори – таксини жиҳозлашнинг муқобил технологияларини излашга замин яратди. Эртага хатоларни тузатмаслик, сафар яхши таассурот қолдириши учун нималарга эътибор бериш лозим? Мухбиримиз ана шу саволларга жавоб излади.  



Масаланинг баҳоси



Назорат-касса машиналари, тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар, радиостанциялар, таниш белгилари – ВМнинг 18.05.2011 йилдаги 139-сон қарорига мувофиқ, уларнинг барчаси ҳар битта таксида бўлиши керак. Президентнинг 6.03.2019 йилдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4230-сон қарори ушбу ускуналарнинг бўлажак тақдири қисмида концептуал хусусиятга эга. Унга амалдаги тартибнинг бўшаштирилиши сифатида қарамаслик керак. Янги ечимлар хавфсизликни кучайтиришда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва давлат бюджетига тушумлар тўлиқ келиб тушишини таъминлашда ёрдам бериши кутилмоқда. Уларнинг жорий этилиши вазиятни ўзгартиради, нормалар қоғозда қолишига, амалда ишламаслигига йўл қўймайди. 



Ҳайдовчи диспетчерлик хизмати билан қандай: радиостанция, уяли телефон ёрдамида ёхуд бошқа усулда алоқа қилиши йўловчи ва жамиятни қизиқтирмайди. Бироқ НКМ, терминаллар, таксометрлар – фақат ҳайдовчи ва таксопарк манфаатларига дахл қиладиган ускуналар эмас. Бу ерда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланишини таъминлаш масалалари ётибди. Машинани таниш белгилари билан жиҳозлаш эса – йўл ҳаракати хавфсизлигининг таркибий қисмларидан бири.



Нормалар кучга кирадиган 2019 йил 1 июлгача ҳали вақт бор. Бу даврда давлат органлари кўп сонли саволларга жавоб беришлари керак. Фақат тушунтириш бериш камлик қилади, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарур. Бунинг учун кўп вақт қолмади. Нормалар кучга киришидан ҳеч бўлмаганда бир ой олдин улар киритилгани маъқул эди. Ваколатли давлат органлари вакиллари ва тадбиркорларда тайёргарлик кўриш учун вақт бўлиши керак. Нормаларнинг эркин талқин қилинишига йўл қўйиб бўлмайди.


Қандай қайд этиш муҳим



2019 йил 1 июлдан бошлаб йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинади. Бунга чек бериш ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш имконияти мавжуд бўлиши шарти билан йўл қўйилади. Шу ўринда Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа органлар иккита позиция бўйича тушунтириш беришлари зарур.



Биринчидан, НКМ билан жиҳозланмаган такси йўловчисига қандай чек бериш кераклигини аниқ билиш лозим.



«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, касса ёки товар чекини бермасдан хизматлар кўрсатиш тақиқланади. Ушбу нормани писанд қилмаслик ва ўзгартириш мумкин эмас. Қонунчилик талабларига кўра расмийлаштирилган чек – товарлар ва хизматларни чакана харид қилиш битимини тасдиқловчи ягона ҳужжат. Бир тараф бошқасига нисбатан эътироз билдирган тақдирда текшириш учун унга асосланилади. Ғазнага тушумлар тўлиқ келиб тушаётганини назорат қилишда у муҳим роль ўйнайди.



Касса чеки – бир парча қоғоз эмас, ДСҚда мажбурий тартибда ҳисобга қўйилган назорат-касса машинасида босиб чиқарилган ҳужжат. НКМда унинг яхлитлигини бузишга, дастурий таъминот ва фискал маълумотларни ўзгартиришга йўл қўймайдиган ҳимояловчи қурилмалар мавжуд.



Таксида назорат-касса машинаси бўлмаса, касса чекини бера олмайдилар. Товар чеки қолади. Бугунги кунда қонунчиликда ушбу тушунча аниқ таърифланмаган, унинг мазмунига доир талаблар белгиланмаган. Чакана савдо қоидаларига кўра, товарлар НКМсиз сотилганда харидни квитанция билан расмийлаштиришга рухсат берилади. Ушбу нормани мослаштириб, таксида қўллаш мумкин. Бунинг учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш керак бўлади. Йўл ҳужжатларини (квитанция, чипта) ёзиб бериш варианти – унча мақбул эмас. Ушбу норма жорий этилганда ҳам унга ҳеч ким риоя этмаса керак.



Иккинчидан, «йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш» тушунчаси қатъий тартибга солишни талаб этади. У қандай ускуна ёрдамида амалга оширилишини, тўпланган маълумотларнинг бут сақланиши қандай таъминланишини белгилаш зарур. Зеро турли йўл билан қайд этиш мумкин. Масалан, йўловчи транспортга чиққан ва ундан тушган пайтни рақамли камера орқали суратга олиш. Бироқ бу электрон қайд этиш деб ҳисобланадими? Агар шундай деб ҳисобланса, бунда қандай техник шартларга риоя этиш зарур? 



Фақат банк картаси бўлганда



1 июлдан бошлаб банк пластик картаси воситасида ҳисоблашиш учун тўлов терминали алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин. Вариантлар талайгина – QR-кодлар, мобил тўлов ёки махсус иловалар ёрдамида тўлаш мумкин.



Бироқ таксига ўтирганда ҳамёнда фақат банк пластик картаси бўлса, нима қилиш лозим деган савол ўртага қўйилади. Президентнинг 15.02.2017 йилдаги ПҚ–2777-сон қарорига мувофиқ, йўловчида ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги керак. Машинада карточка воситасида ҳисоблашиш учун терминал бўлиши шарт.



Ҳайдовчининг гаджетидан фойдаланиш – вариант эмас. Ягона умумреспублика процессинг маркази пластик картанинг шахсий маълумотларини қатъий сир сақлашни тавсия этмоқда, акс ҳолда фирибгарлар ўлжасига айланиш хавфи юзага келади.



Терминалларга доир қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган тақдирда, йўловчи йўл ҳақини бошқача тўлай олмаганда қандай иш тутиши кераклигини аниқ қайд этиш зарур.



Фикримизча, ҳар бир такси салонида терминал бўлиши шарт. Бунда бошқача усулда ҳисоблашиш учун шарт-шароит бўлади. Масалан, QR-код ёки бошқа технологиялар ёрдамида. Йўловчида банк картаси воситасида, QR-код ёрдамида ёки мобил илова орқали тўлаш усулини танлаш имкони бўлса, у охирги иккита вариантдан бирини танласа керак. Бу пластик картанинг индивидуал маълумотларини ошкор қилмаслик имконини беради.



Демак, такси хизматлари йўловчиларни терминал йўқлиги ҳақида олдиндан хабардор қилишлари шарт бўлади. Бироқ унинг мавжуд эмаслиги амалдаги қонунчиликни бузиш саналади. Бу ҳолда нима қилмоқ керак?



Тўлов тизимлари операторлари бу ҳақда ўйлаб кўрсалар арзийди. Таксини терминаллардан арзон тушадиган махсус гаджетлар билан жиҳозлаш мумкин. Йўловчига қулайлик яратилиши, давлат ва жамият манфаатлари эса чекланмаслиги лозим.

 

Неча метр йўл босди?



Вазият тақозосига кўра таксометр қандай кўринишга эгалигини, километражга қараб ҳисоблашишни унутиб юбордик. Таксичилар эса уларни ёқишни таклиф ҳам қилмай қўйдилар.

 

Эслатиб ўтамиз, бу машинага ўрнатилаётганда калибрланиши, «Ўзстандарт» агентлигининг ваколатли хизматларида қиёсловдан ўтказилиши керак бўлган ўлчов воситаси. Буларнинг бари ўлчов ва ҳисоб-китоб аниқ бўлишини таъминлаш учун қилинади.



Замонавий мобил иловаларнинг кенг тарқалиши ва диспетчерлик такси хизматлари оммалашиши бизни босиб ўтилган километрлар, бекор туриш вақти ва прайс-варақ бўйича бошқа хизматларни инобатга олиб ҳисоблашишга мажбур қилади. Фақат ҳозир бу ҳисоб-китобларни кўпроқ таксометрлар эмас, GPRS-технологияларга асосланган махсус компьютер дастурлари амалга оширмоқда. Бироқ уларнинг ҳисоб-китоблари аниқлигини ким текширади?    



Бундай дастурлар талайгина, ҳар бири ўлчовда муайян даражада хатога йўл қўйиши эҳтимоли мавжуд. Бу параметр жуда кўп шарт-шароитларга боғлиқ бўлиши мумкин. Бинобарин, «Ўзстандарт» агентлиги уларга қўйиладиган техник талабларни қатъий тартибга солиши шарт. Ҳисоб-китоб имкон қадар аниқ бўлиши учун улар йўл қўйиши мумкин бўлган хатолар сонини белгилаш зарур. Аслида фойдаланилишига рухсат бериладиган дастурлар тегишли марказларда экспертизадан ўтказилса, мамлакат ҳудудида фойдаланилишига рухсат берувчи реестрларга киритилса, нур устига аъло нур бўлар эди.     



Бунда дастур таклиф этган, ҳисобланган ҳаракатланиш траекторияси ҳайдовчи учун қанчалик мажбурий эканлигини белгилаш лозим. У йўл таъмирланаётганини кўриб ёки масофани қисқартириш учун айланма йўллардан фойдаланганда, нима қилмоқ керак?



Тўлиқ босиб ўтилмаган километр учун реал босиб ўтилган йўл қийматини олиш имконини берган таксометр функциясини ёддан чиқармаслик керак. Ҳисоблашиш учун автомобиль тўхташини ва ҳаракатлана бошлашини автоматик равишда қайд этган маъқул. 



Президент қарорида такси бўш ёки бандлигини аниқлаш имконини берувчи яшил чироқ тўғрисидаги талаб бекор қилинмаган. ВМнинг 18.05.2011 йилдаги 139-сон қарорига мувофиқ, у мавжуд бўлиши шарт. Машина таксометр билан жиҳозланмаган бўлса, ушбу сигнал ишлашини қандай таъминлаш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Уларнинг иши бир-бирига боғлиқ.



Таксини қандай таниймиз?



Йўл ҳаракати қатнашчиси бўлган такси оддий автомобиль эмас, сабаби унда турли жойларда йўловчиларни олиш ёки тушириш учун бошқалардан кўра кўпроқ йўл четида тўхташ зарурати юзага келади. Авария ҳолатларининг олдини олиш учун бошқа йўл ҳаракати қатнашчилари ушбу автомобилни доим осон таниб олишлари керак бўлади. 

 

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ВМнинг 18.05.2011 йилдаги 139-сон қароридаги такси автомобилининг ранги тўғрисидаги норма бажарилишига эътибор қаратиш лозим. Зеро кузов фил суяги (пойтахт учун) ёки сариқ (минтақалар учун) рангга бўялган бўлиши керак. Президентнинг 6.03.2019 йилдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4230-сон қарори нормалари автомобиль рангини ўзгартиришни арзонга туширади – ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга рухсат берилди.


Олег Гаевой.



 

Валюталар курси

2024-12-02
  • USD:12852.00 (+0.00) сум
  • EUR:13569.14 (+0.00) сум
  • RUB:118.99 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48