Оила кодексининг 16-моддасига ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда. Қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган, муҳокама 9 мартгача давом этади.
Айни пайтда никоҳ тузишга:
- лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида ёхуд лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида;
- насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида йўл қўйилмайди.
Маълумот учун: болалар, ота-оналар, неваралар, боболар, бувилар, эваралар, катта боболар, катта бувилар ва ҳоказо тўғри шажарадаги қариндош ҳисобланади. Ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади. Эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмайди.
Лойиҳада ота-онанинг ака-укалари ва опа-сингилларининг болалари, яъни тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар ўртасида ҳам никоҳ тузишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Ленара Хикматова.