Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Терминал ва НКМ чекларида ҚҚСни ажратиб кўрсатиш керакми

10.12.2018

Читать на русском языке

Тадбиркорлар солиқ солишнинг янги тизимига ўтишга ҳозирлик кўрмоқдалар. Бунда ҳал қилишни талаб этадиган кўплаб саволлар юзага келмоқда. Тўлов терминаллари ва НКМни чекларда алоҳида сатрда ҚҚС тўғрисидаги ахборот қайд этиладиган қилиб қайта созлаш зарурати ҳам кўпчиликни қизиқтирмоқда. 

 
Қонунга мувофиқ…

 

Аввалги материаллардан бирига шарҳда «Чекда ҚҚСни кўрсатиш керакми?» деган савол бердилар. Ўқувчи қуйидаги вазият ҳақида гапириб берган: «… Кеча жиҳозларни (терминаллар ва НКМ) қайта созлаш мақсадида банк ва назорат-касса машиналари сервиси билан шуғулланувчи компаниялар вакилларига мурожаат қилдим. Чекларда ҚҚС акс эттирилишини хоҳлаяпмиз. Бироқ биронта мутахассис ана шундай қайта созлашга зарурат бор-йўқлиги ҳақида тайинли жавоб бера олмади. Банкдагилар ҳеч нимани ўзгартирмасликларини айтишди…». Бундай вазиятда нима қилиш керак?

 

Бугунги кунда қонун ҳужжатларида назорат-касса машиналари чекларининг мазмунига доир талабларгина белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 306-сон қарорига мувофиқ, касса чекларида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

а) солиқ тўловчининг – хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва идентификация рақами;

б) тўлов суммаси;

в) товарлар ва хизматлар номи;

г) тўлов санаси ва вақти;

д) НКМнинг завод рақами;

е) чекнинг тартиб рақами;

ж) фискал режим белгиси.

 

Бу рўйхат батафсил эмас, касса чекларида бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкин. Бунда НКМ чекларида ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатиш ҳақида тўғридан-тўғри кўрсатма берилмаган.

 

Энди терминал чекларига келсак. Тўлов терминаллари қўлланишини тартибга солувчи асосий ҳужжат Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобланади. Бироқ ҳужжатда терминал чеклари мазмунига доир аниқ талаблар қайд этилмаган.

 

Солиқ кодексининг 222-моддасида ҳисобварақ-фактура ўрнини бошқа ҳужжатлар босиши мумкин бўлган вазиятлар кўриб чиқилган. Иккинчи қисмида ҳам товарлар (ишлар, хизматлар) аҳолига нақд пулда реализация қилинган ҳолларда сотиб олувчига фискал хотирали назорат-касса машинаси чеки, терминал чеки, квитанция берилганда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмаслиги айтилган. Шунингдек ҚҚС солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилган тақдирда, ушбу ҳужжатларда мазкур солиқ суммаси албатта ажратиб кўрсатилиши кераклиги белгиланган.

 

Бундан ташқари, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо ва сервис соҳасида олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи банк корпоратив пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўланганида тўлов терминалларининг чеклари ҳам бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади. Бинобарин, терминал чекида ҳисобварақ-фактурадаги ахборот мавжуд бўлиши шарт.

 

Терминал ва НКМ чекларида ҚҚС тўғрисида ахборот бўлиши мажбурий бўлса, янги йилдан ҚҚС тўлашга ўтаётган барча шахслар жиҳозларини қайта созлаш тадоригини кўришлари керак бўлади.

 

Экспертлар қандай фикрда?

 

Мурод Қодиров, «UNITED TAX ADVISORS» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директорининг ўринбосари:

 

– Қарийб барча савдо ташкилотлари солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида бўлганликлари сабабли узоқ вақт ҚҚС тўламадилар. Ана шу ҳолат Солиқ кодексининг мазкур нормаси деярли унутилишига олиб келди. 

 

Бироқ янги йилдан бошлаб йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган барча тадбиркорлик субъектлари ҚҚС тўлайдилар. Солиқ кодексига мувофиқ, ҳар бирининг чекида ҚҚС қайд этилган бўлиши керак.

 

Аввалига ҚҚС тўғрисидаги маълумотлар ахборот тусига эга бўлади. Харидор сотиб олган товардан тўланган ҚҚС миқдори ҳақида осонгина билиб олиши мумкин бўлади.

 

Келгусида технологиялар ва қонунчилик такомиллашиши билан чекдаги ҚҚС тўғрисидаги ахборот бухгалтерия учун ҳам амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Амалиётда ҳисобварақ-фактуралар ўрнини чеклар босадиган вазиятлар кўп учрайди. Тегишли қарорлар қабул қилинса, солиқларни ҳисоблаб чиқаришда чекдаги ахборотни ҳисобга олиш мумкин бўлади.

 
 

Владимир Гибель, «Savdoelektronika» ШК сервис ташкилотининг ижрочи директори:

 

– Ҳа, Солиқ кодексига мувофиқ, ҚҚС тўловчи корхона терминали ва назорат-касса машинаси чекида ҚҚС тўғрисидаги ахборот бўлиши керак. Бироқ техника соҳасидаги мутахассис сифатида бу борада ўз фикрим бор.

 

Тўлов терминали – товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўловларни банк пластик карточкаси орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича слипларни шакллантирувчи қурилма. Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда терминалга ана шундай таъриф берилган. У мазкур жиҳознинг аввалбошдан кўзланган вазифасига мувофиқ келади. 

 

Бошқа жиҳоз – назорат-касса машинаси товарлар ҳисобини юритиш учун мўлжалланган. ҚҚС ҳисобини юритиш – товарлар ҳисобини юритишнинг таркибий қисмларидан бири. Бинобарин, чекда ҚҚСни ажратиб кўрсатиш – назорат-касса машиналари бажариши керак бўлган операция.

 

Техник нуқтаи назардан ҳам терминал ва назорат-касса машиналари чекларини тенглаштириш нотўғри. Бундан ташқари, Солиқ кодекси, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун ҳамда ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига иккита ўзгартириш киритиш зарур деб ҳисоблайман. НКМ чекини берган ҳолда корпоратив карточка воситасида ҳисоб-китоб қилишга рухсат бериш зарур. Фақат НКМ чеки бухгалтерия ҳисоби учун бошланғич ҳужжат деб тан олиниши керак. 

 
 

Вазиятдан чиқиш йўли: бизнинг таклифларимиз

 

Экспертлар масалани Давлат солиқ қўмитаси ва қонун чиқарувчи органлар ҳал этиши керак, деган фикрга келдилар. Терминал ва НКМдан фойдаланишни тартибга солувчи қоидалардаги чекларнинг мазмунига доир талабларни қайта кўриб чиқиш вақти келди. ҚҚС тўғрисидаги ахборот қайд этилган сатр ҳам ушбу рўйхатга қўшилиши керак.

 

Савдони янада эркинлаштириш учун ҳам ана шундай қилиш лозим. Хусусан, юридик шахслар корпоратив пластик карта воситасида товарлар ва хизматлар ҳақини тўлаганда ҳисобварақ-фактура ва касса чеки бир-бирининг ўрнини босадиган ҳужжат бўлиши мумкин. Бу билан қоғозбозлик камайган, корпоратив пластик карточкалар орқали тўловларни қабул қиладиган барча хўжалик юритувчи субъектларнинг иши осонлашган бўлар эди. 

 

Бугунги кунда Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармонига мувофиқ бундай ҳолларда ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш мажбурий, бу кўп ноқулайликлар туғдиради. Бензин қуйиш шохобчаларида, дўконларда майда харид қилганда ва бошқа ҳолларда ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш жуда қийин, чунки уларнинг бухгалтерлари бир нечта шохобчага хизмат кўрсатувчи офисда ишлайди.

 

Жиҳозни қаерда созлаш мумкин?

 

Материалимиз сўнгида масаланинг техник жиҳатини кўриб чиқамиз. Жиҳозни қайта созлашда ким ёрдам беради?

 

– Терминал чекларида ҚҚС ажратиб кўрсатилиши учун терминалга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилиш зарур. Банк, ўз навбатида, бизнинг ташкилотга мурожаат қилиши керак, – дейди «EOPC TECHNOLOGY» директори ўринбосари Жаҳонгир Жонибеков. – Биз барча зарур созлаш ишларини амалга оширамиз.

 

– Техник нуқтаи назардан олганда, назорат-касса машинасини чекда ҚҚСни кўрсатадиган қилиб созлаш қийинчилик туғдирмайди, – дея таъкидлади Владимир Гибель. – Бу жаҳон амалиётида қўлланилади, бугунги кунда кўп моделлар чекда ҚҚСни кўрсатиш имконини берадиган опцияга эга. Назорат-касса машиналари билан шуғулланадиган сервис марказларида ҳам созлаб беришлари мумкин. Уларнинг вакиллари солиқ инспекциялари ҳузурида ишлайдилар.

 

Олег Гаевой.


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_