Вазирлар Маҳкамасининг 2.03.2021 йилдаги «Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 114-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш ва унинг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом;
- Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш бўйича «йўл харитаси».
Низомга мувофиқ монополияга қарши комплаенс – фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар хавфини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ички ташкилий чора-тадбирлар ва таомиллар тизими.
Мазкур Низом қуйидаги тартибда жорий этилади:
- 1.01.2021 йилдан – тажриба (синов) тариқасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллиф ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда Рўйхатга (Президентнинг 6.07.2020 йилдаги ПФ-6019-сон Фармони билан тасдиқланган) киритилган давлат иштирокидаги корхоналарда;
- 1.01.2022 йилдан – табиий монополия субъектлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек охирги 3 йилда товар сотишдан жами тушумининг ўртача йиллик миқдори 30 млрд сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачиларда.
Қуйидагилар монополияга қарши комплаенс тизимининг (кейинги ўринларда – Тизим) асосий вазифалари ҳисобланади:
- рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг эҳтимолий бузилиш хавфларини аниқлаш ва баҳолаш ҳамда уни бошқариш;
- давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таъминлаш ва мониторинг қилиш;
- давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг ҳамда уларнинг раҳбарлари томонидан ўз вазифаларини бажариш жараёнида рақобатга зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилишининг олдини олиш ва бошқалар.
Тизим фаолият юритишини таъминлаш ва мониторинг қилиш мақсадида ташкилий тузилма, штатдаги ходимлари сони ва фаолият хусусиятига мувофиқ ваколатли шахс (бўлинма) тайинланади.
Шунингдек хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, унинг фаолият юритишини таъминлаш ва мониторинг қилиш ички аудит хизматига юкланиши мумкин.
Тизим фаолиятини ташкил этиш ва самарадорлигини баҳолаш қуйидагилар томонидан амалга оширилади:
- давлат бошқаруви органида раҳбар томонидан;
- маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида – ҳоким томонидан;
- хўжалик юритувчи субъектларда – ижро этувчи орган ёки кузатув кенгаши томонидан.
Ваколатли шахс (бўлинма) қуйидагиларни амалга оширади:
- рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини мониторинг қилади;
- фаолиятга тегишли материалларни таҳлил қилади, аниқланган камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган чораларни ишлаб чиқади;
- тизимнинг фаолият юритиши билан боғлиқ масалалар бўйича бошқа тузилмавий бўлинмалар билан ўзаро алоқаларни мувофиқлаштиради;
- монополияга қарши курашиш органи (Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари) билан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши бўйича ўзаро ахборот алмашади;
- рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш хавфларини камайтириш мақсадида бир йилга мўлжалланган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди ва бошқалар.
Қарор Президентнинг 6.07.2020 йилдаги «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6019-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.03.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.