Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2026 йилдаги 81-сон қарори билан Аграр соҳада тўловлар агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.
Хусусан, Президентнинг 21.11.2025 йилдаги ПФ-224-сон Фармони билан ташкил этилган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги тўғрисидаги низом қабул қилинди.
Агентлик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлайди, шунингдек, самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, қўллаб-қувватлаш чораларининг натижадорлигини мониторинг қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Агентлик ҳузурида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклида Агентликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:
• Мустақил эксперт фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
• Аграр секторда тўловлар бўйича агентликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;
• Агентликнинг ташкилий тузилмаси.
Белгиланишича, Агентлик томонидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари хусусий секторни жалб қилган ҳолда, мустақил экспертлар хулосаси асосида қўлланилади.
Мустақил экспертизага номзод қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
• қуйидаги мутахассисликлардан бири бўйича олий маълумотга эга бўлиш: қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ветеринария медицинаси, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳалари бўйича Ўзбекистон олий таълим муассасаларида олинган ёки хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларида олинган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистонда тан олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлиш;
• қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ветеринария медицинаси, иқтисодиёт ва ҳуқуқ мутахассисликларидан бири бўйича камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш.
Мустақил экспертлар реестри Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграциялашув платформасида юритилади.
1 апрелга қадар "Агросубсидия" АТда субсидияларни тақсимлаш жараёнига мустақил эксперт хулосалари тизими жорий этилади.
Мустақил экспертларни тайёрлаш Тошкент давлат аграр университети билан биргаликда юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



