Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Алимент тўлаш тартиби 2018 йил июль ойидан ўзгаради

11.01.2018

 

9.01.2018 йилдаги ЎРҚ-459-сон Қонун билан Меҳнат кодекси, Оила кодекси ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

 

Алимент + ахлоқ тузатиш ишлари = иш ҳақининг 70%игача

 

Ҳар бир ходимдан унинг розилигидан қатъи назар муайян суммалар ушлаб қолинади. Масалан, солиқлар, интизомий жарима, ижро ҳужжатлари бўйича ундирувлар, улар бўйича алимент ҳам ундирилади. Умумий қоидага кўра ходимдан бир мартада энг кўпи билан унга тўланадиган иш ҳақининг 50%ини ушлаб қолишлари мумкин (МКнинг 164-моддасига қаранг).

 

Бу чеклов ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазони ўтаётган ходимдан алимент бўйича қарзлар ундириладиган вазиятларга дахл қилмайди. Бу ҳолатларда жазо ва алимент бўйича ундирувлар миқдори 70%га етиши мумкин, бироқ ундан кўп эмас.

 

Маълумот учун: ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг 10%идан 30%игача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат. Агар маҳкумнинг иш жойи бўлса, жазо ўша ерда ўталади (яъни у ишлашда давом этади, иш ҳақидан эса ажратмалар амалга оширилади), агар иш жойи бўлмаса, уни ички ишлар органлари тақсимлайди.

 

Қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш зарур.

 

Биринчидан, норма ахлоқ тузатиш ишлари қандай жиноят учун тайинланганлигини аниқлаштирмайди. Улар алимент тўлашдан бўйин товлаш оқибати (ЖКнинг 122, 123-моддалари) каби шундай жазони назарда тутадиган ҳар қандай бошқа жиноятнинг оқибати бўлиши мумкин. Масалан, инсон безорилик учун ҳукм қилинган ҳамда унга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган, бир вақтнинг ўзида у алимент тўловчи ҳисобланади. Ушлаб қолишлар тўғрисидаги янги қоида бу ҳолатда ҳам ишлайди.

 

Иккинчидан, кўриб чиқилаётган нормада аниқ кўрсатилган: 70% - бу икки турдаги ажратмаларни энг кўп жами ушлаб қолиш:

  • ахлоқ тузатиш ишлари бўйича – 10%дан 30%гача, суд ҳукми ва ижро ҳужжатида кўрсатилади;
  • алимент бўйича – миқдор ижро ҳужжатида кўрсатилади.

 

Бироқ, ушбу ажратмалардан ташқари ходимдан мажбурий тартибда солиқлар ва мажбурий тўловлар ҳам ушлаб қолинади. Бундан ташқари, меҳнат интизомини бузганлик учун иш берувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 30%игача (ёки Ички меҳнат тартиботи қоидаларига биноан 50%игача) жарима тайинлаши мумкин. Бундан келиб чиқадики, ходимнинг иш ҳақидан умумий ушланмалар миқдори 70%дан ошади.

 

Битта бола учун алимент – ЭКИҲнинг 75%идан кам эмас

 

 Болалар таъминоти учун алимент ота-она иш ҳақининг ва (ёки) бошқа даромадининг қуйидаги миқдорларини ташкил этади:

  • битта болага – 1/4  (яъни 25%);
  • иккита болага - 1/3 (33,3%);
  • учта ва ундан ортиқ болалар учун – ярми (яъни 50%).

 

 Суд муайян ҳолатларда бу миқдорларни камайтириши мумкин. Бироқ, ундириладиган алиментнинг энг кам миқдори ҳар бир бола учун ЭКИҲнинг 75%ини (ҳозир – ЭКИҲнинг 1/3, яъни 33%дан камроқ) ташкил этади. Шу тариқа, битта бола учун ҳар ойда тўловларнинг қуйи чегараси тахминан 2,25 марта оширилади.

 

Алиментни “манфаатли” тўлашга рухсат берилди

 

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментни бола вояга етгунча бўлган бутун даврга (яъни 18 ёш) олдиндан тўлаш мумкин. Бу ҳолатда кўчмас, кўчар мулкни ёки бошқа қимматли ашёларни алимент ҳисобига беришга рухсат этилади. Бу мол-мулк (ашёлар) учун гаров шартномаси тузилади.

 

Ушбу механизм алимент тўловчилар ҳаётини сезиларли даражада осонлаштиради:

 

1) агар алимент олдиндан тўланган ёки улар тўлови таъминоти учун гаров шартномаси тузилган бўлса – чет давлатга чиқишда ОКнинг 145-моддаси билан кўзда тутилган келишув тузилиши зарур эмас.

2)  агар алимент олдиндан тўланган ёки улар тўлови таъминоти учун гаров шартномаси тузилган бўлса ва гаров миқдори камида ЭКИҲнинг 250 баравари миқдорида бўлса – қарздорнинг мамлакатдан чиқишига нисбатан чеклов олиб ташланади.

 

Эътибор қаратинг! Алиментни олдиндан тўлаш ва алимент мажбуриятлари таъминоти бўйича гаров шартномаси тузиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

 

Шунингдек, алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарликка тортиш механизмига ҳам ўзгартириш киритиш кутилмоқда. Ушбу мавзуга доир батафсил шарҳ билан танишишни таклиф этамиз.

 

Юқорида кўрсатилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар 11.07.2018 йилда кучга киради.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.     



Олег Заманов.

 

Валюталар курси

2018-01-16
  • USD:8146.38 (+7.38) сум
  • EUR:9965.47 (+177.51) сум
  • RUB:143.97 (+0.92) сум