Вазирлар Маҳкамасининг 20.10.2025 йилдаги 659-сон қарори билан археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.
Хусусан, ҳужжат билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:
• Археология ашёлари давлат каталоги тўғрисида;
• Археология ашёларини давлатга топшириш ва уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктирилган археология ашёларидан фойдаланиш ҳамда тадқиқ қилиш тартиби тўғрисида;
• Халқаро археология тадқиқотларини ташкил этиш тартиби тўғрисида;
• Археология объектларини консервациялаш тартиби тўғрисида.
Маданият ишлари вазирлиги археология объектларининг давлат каталогини юритади ва археология ашёларини рўйхатдан ўтказишни амалга оширади.
Археология ашёларига нисбатан фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш улар каталогда рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.
Каталогда рўйхатга олинган археология ашёлари бегоналаштирилмайди, уларнинг йўқолиши, бузилиши ёки бошқа археология ашёларига айирбошланиши ҳоллари бундан мустасно.
Археология ашёлари кейинчалик фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктирилган ҳолда давлатга топширилиши лозим. Бунда мазкур муассасаларда моддий-техника базаси, шу жумладан хона ёки хоналар, сақлаш учун зарур асбоб-ускуналар, қўриқлаш воситалари ва ёнғинга қарши воситаларнинг мавжуд бўлиши мажбурий шарт ҳисобланади.
Фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктирилган археология ашёларидан фақат қуйидаги мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади:
• илмий, маданий, таълим ва маърифий фаолият;
• археологик ашёлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш.
Агар археологик ашёлар аниқланган жойда қолиб кетса, уларни консервация қилиш бўйича чоралар кўрилади. Бунда мазкур предметлар тавсифланган, суратга олинган ва илмий ҳисоботда келтирилган бўлиши лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




