Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ЭҲАда “директор шарпаси” муаммоси қандай ҳал қилинади - buxgalter.uz да ўқингАгар комитент норезидент бўлса, ЭҲФ қандай расмийлаштирилади - buxgalter.uz да ўқингҚандай солиқ қарзи ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади - buxgalter.uz да ўқингЮқори малакали бош директор учун имтиёз - buxgalter.uz да ўқинг

Чегара пунктларидаги назорат тартиб-таомилларига вақт лимитлари ўрнатилди

22.11.2019

Рус тилида ўқиш

 

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (18.11.2019 йилдаги 912-сон ВМҚга қаранг). Низом 2017 йилги шундай ҳужжат ўрнига қабул қилинган, аввалги низом ўз кучини йўқотган.

 

Экологик назорат қайд этилди

 

Янги Низомга киритилган қўшимчалардан бири экологик назорат тушунчаси ва унинг батафсил таърифи бўлди.

 

Маълумот учун: экологик назорат — атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирлари тизими («Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси). 

 

Белгиланишича, давлат чегарасини кесиб ўтишда «Қизил китоб»га киритилган ёки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ олиб кириш ва олиб чиқиш тақиқланган ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси объектлари, уларнинг қисмлари, ҳосилалари, яшаш фаолияти маҳсулотлари, ботаник ва зоологик коллекциялар давлат экологик назоратидан ўтказилади. Экологик назорат объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш, шунингдек, уларни транзит олиб ўтишга қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади.

 

Давлат чегараси орқали ўтадиган автотранспорт воситалари, товарлар, қўл юки ва багажини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида экологик назорат объектлари аниқланганда, божхона органлари ходимлари томонидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари мутахассислари жалб қилинади. Экологик назорат меъёр ва қоидалари бузилиши аниқланганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мутахассислари қоидабузарликни расмийлаштиради ва ҳужжатлаштиради, объектни олиб қўйиш, утилизация қилиш ёки бошқа турдаги ҳаракатларни қўллаш чораларини кўради.

 

Ҳаммаси электрон тизимда қайд этилади

 

Давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомилларидан ўтказилиши «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бунда ўтказиш пунктига автотранспорт воситаси кириши ва чиқиши вақтлари, уларнинг ҳар бири давлат назорати органлари томонидан тегишли назорат тартиб-таомилларидан ўтказилиши қайд этиб борилади. Электрон тизим мавжуд бўлмаганда ёхуд унда техник носозлик ҳолатлари юзага келганда «Ягона қайд варақаси»дан фойдаланилади. Техник носозлик бартараф этилганидан сўнг 1 кунлик муддатда киритилган белгилар электрон тизимга киритилади. 

 

Ҳар турдаги назоратнинг ўз вақти бор!


Ўтказиш пунктида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти уларнинг тури, ўтказиш пунктининг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда технологик схемада белгиланади, бироқ ушбу кўрсаткич қуйидаги муддатлардан ортиқ бўлмаган ҳолда белгиланиши лозим:

  • енгил автотранспорт воситалари учун — 15 дақиқа;
  • юк автотранспорт воситалари учун — 30 дақиқа.

Бунда автотранспорт воситаларининг ўтказиш пунктидаги ҳар бир давлат назорати органлари томонидан тегишли тартиб-таомиллардан ўтказилиши вақти қуйидагича белгиланган:

 

Босқичлар

Назорат тури

Амалга ошириладиган тадбирлар

Бажариш муддати

Ўзбекистонга киришда

1-босқич

Санитария-карантин назорати

Ҳайдовчини (зарур ҳолларда товар ва транспорт воситасини) санитария назоратидан ўтказиш

3 дақиқа

2-босқич

Чегара назорати

1. Ҳайдовчининг давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари мавжудлигини текшириш.

2. Ҳайдовчини чегара (паспорт) назоратидан ўтказиш

4 дақиқа

3-босқич

Божхона назорати

Ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситасини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш

15 дақиқа

4-босқич

Фитосанитария назорати

Олиб ўтилаётган товарлар фитосанитария назорати объекти бўлса, ушбу товарни фитосанитария назоратидан ўтказиш

4 дақиқа

5-босқич

Ветеринария назорати

Олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ушбу товарни ветеринария назоратидан ўтказиш

4 дақиқа

Ўзбекистонда чиқишда

1-босқич

Божхона назорати

Ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситасини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш

10 дақиқа

2-босқич

Фитосанитария назорати

Олиб ўтилаётган товарлар фитосанитария назорати объекти бўлса, ушбу товарни фитосанитария назоратидан ўтказиш

3 дақиқа

3-босқич

Ветеринария назорати

Олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ушбу товарни ветеринария назоратидан ўтказиш

3 дақиқа

4-босқич

Чегара назорати

1. Ҳайдовчининг давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари мавжудлигини текшириш.

2. Ҳайдовчини чегара (паспорт) назоратидан ўтказиш

4 дақиқа

 

Автотранспорт воситаларининг назорат тартиб-таомилларидан ўтиш вақти қуйидаги ҳолларда белгиланган вақт меъёрларидан ортиқ бўлиши мумкин:

  • автотранспорт воситалари ва (ёки) товарлар божхона кўригидан ўтказилганда;
  • ҳайдовчи ва (ёки) автотранспорт воситаси ёки товарларни давлат чегараси орқали олиб ўтиш ёхуд ташиш учун рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
  • божхона органларига божхона чегараси орқали, шу жумладан транзит шартларида ўтказиладиган автотранспорт воситалари ва товарлар тўғрисида олдиндан электрон тарзда маълумотлар тақдим қилинмаган ҳолларда;
  • ўтказиш пунктларида тўланиши белгиланган йиғимлар ёки тўловлар тўланмаган ҳолларда;
  • назорат органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганда;
  • фавқулотда ҳолатларда.

 

Бироқ автотранспорт воситаларининг назорат тартиб-таомилларидан ўтиш вақти 72 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Ушбу вақт ўтгандан сўнг, автотранспорт воситасининг республикага кириши ҳал этилади ёхуд чегара назорати томонидан ортига қайтарилади.

 

Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар

Улар қаторида қуйидагилар ҳам келтирилган:

  • ўтказиш пунктларида давлат назорати органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишга божхона органи бошлиғи ва чегара назорати бўлинмасининг раҳбари масъул ҳисобланади (илгари фақат чегара назорат бўлинмасининг раҳбари масъул эди);
  • давлат чегараси орқали устувор тартибда, навбатсиз ўтказиладиганлар рўйхатига қўшимча киритилди – унга Президент Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғига мувофиқ шахслар, транспорт воситалари ва товарлар киритилди;
  • темир йўл, ҳаво ва дарё ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш тартиби белгиланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.11.2019 йилдан кучга кирди.   


Анвар Иркаходжаев.