09.12.2025 йилдаги "Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида"ги ЎРҚ-1101-сон Қонун қабул қилинди. Ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Давлат ижтимоий суғуртасининг асосий тамойиллари қонунийлик, универсаллик, тенглик, молиявий барқарорлик ва ҳисобдорлик ҳисобланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси ихтиёрий ва мажбурий суғурта шаклларида амалга оширилади.
Давлат ижтимоий суғуртаси қуйидаги тоифадаги фуқаролар учун мажбурий тартибда амалга оширилади, улар:
- меҳнат шартномалари асосида меҳнат фаолияти (муайян ишларни бажаришга вақтинча (мавсумий) жалб қилинадиганлар бундан мустасно), юридик шахслар раҳбарлари сифатидаги фаолият;
- юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш ёки интеллектуал мулк объектларини яратиш бўйича ишлар.
Суғурта ҳодисаларига қуйидагилар киради:
- касаллик туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик;
- ҳомиладорлик ва туғруқ;
- иш ёки даромадни йўқотиш.
Суғурта ҳодисалари юз берган тақдирда суғурталанган шахсларга ёки уларнинг оила аъзоларига тегишли нафақалар, шу жумладан ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Тўловлар миқдори алоҳида норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
Бундай нафақаларни олиш ҳуқуқи фақат суғурта бадаллари тўланган тақдирдагина вужудга келади. Ушбу бадаллар Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига мунтазам равишда ўтказиладиган ва келажакдаги тўловлар учун ресурсни шакллантирадиган мажбурий ажратмалардир.
Жамғарма суғурталанувчилар ва суғурталанган шахсларни ҳисобга олиш, бадаллар ва тўловларни ҳисоблаш, шунингдек, барча жараёнларни шаффоф юритиш учун масъул бўлади. Жамғарма даромадлари ижтимоий солиқнинг бир қисми, суғурта бадаллари, давлат бюджети маблағлари, шунингдек вақтинча бўш турган маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.01.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова




