Президент томонидан 07.10.2024 йилдаги «Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-972-сон Қонун имзоланди.
Эндиликда соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноят ҳисобланмайди.
Бироқ соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик сақланиб қолмоқда.
Бундай қилмишларни диний таасублар замирида, бир гуруҳ шахслар томонидан ёки қуролни ишлатиб содир этганлик учун 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда: ушбу қилмишга БҲМнинг 5 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача қамоқ назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қуйидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин:
- оз миқдорда талон-торож;
- топиб олинган мол-мулкни яшириш;
- транспорт воситаларининг ички жиҳозларига шикаст етказиш
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.10.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев