Вазирлар Маҳкамасининг 21.04.2026 йилдаги «Аҳолининг экологик турмуш тарзини шакллантириш ва тадбиркорлик субъектларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича ҳаракатларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 195-сон қарори қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 30.01.2025 йилдаги ПФ-16-сон Фармони билан экологик тамойилларни кундалик ҳаётига татбиқ этишда юқори кўрсаткичларга эришган шахсларга «Экофаол фуқаро» мақомини бериш, шунингдек, давлат хизматларини олишда 10 фоизлик чегирма, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитлари учун чегирмалар тақдим этиш назарда тутилган.
«Экофаол фуқаро» унвони учун танлов ҳар чоракда Экология қўмитасининг «ekofaolfuqaro.uz» махсус платформасида ўтказилади.
«Экофаол фуқаро» мақоми ҳар бир ҳудуддан энг кўп балл тўплаган 50 нафар иштирокчига берилади.
Танлов ғолиблари Экология қўмитасининг ҳудудий департаментлари томонидан ҳар чорак якунланганидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар тантанали равишда эълон қилинади.
Қуйидаги кўрсаткичларни бажарган тадбиркорлик субъектларига «яшил тадбиркор» мақоми берилади:
- кўкаламзорлаштириш, жумладан, корхоналар атрофида «яшил белбоғлар» барпо этиш, томчилатиб, ёмғирлатиб ва контейнерли суғориш тизимларини ўрнатиш;
- энергия тежовчи ускуна ва технологияларни жорий этиш;
- экологик ҳуқуқбузарликлар содир этилишига, атмосферага ташланмаларга йўл қўймаслик бўйича онлайн мониторинг тизимини жорий этиш;
- ишлаб чиқаришда циркуляр иқтисодиётни («7Р») жорий этиш тамойилини амалга ошириш.
Ҳар йили «Яшил тадбиркор» мақомини олиш учун танлов Экология қўмитасининг «yashiltadbirkor.uz» махсус платформасида ўтказилади.
Танлов натижаларига кўра энг кўп балл тўплаган 10 та тадбиркорлик субъектига «Яшил тадбиркор» мақоми берилади.
Танлов ғолиблари келгуси йилнинг биринчи чорагида Экология қўмитаси томонидан тантанали равишда эълон қилинади. Уларга қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилади:
- «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик бериш;
- маълум муддатга экологик текширувлардан озод қилиш;
- халқаро бозорларга чиқишда ёрдам кўрсатиш;
- Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.




