Вазирлар Маҳкамасининг 08.09.2025 йилдаги 570-сон қарори билан соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжат уч ой ўтгач кучга киради.
Президентнинг 28.12.2023 йилдаги ПҚ-415-сон қарори билан "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек давлат ва хусусий дорихоналарда "Электрон рецепт" тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, унда қуйидагилар назарда тутилган:
- беморга рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида бериш тартиби;
- ёзилган электрон рецептларни рўйхатга олиш;
- электрон рецепт бланкаси ва ундаги маълумотларни "Электрон рецепт" модулига узатиш тартиби;
- тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида ёзиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик.
2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган 15 та туманнинг (19.05.2025 й. ПФ-88-сон Фармонга мувофиқ) барча тиббиёт ташкилотларида беморларга дори воситаларини тайинлашда дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи (агар мавжуд бўлса) бўйича электрон рецепт расмийлаштирилади.
Низомга кўра, рецепт билан бериладиган дори воситалари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Тиббиёт ходимлари бемор маълумотларини тиббиёт ташкилотида жорий қилинган ахборот тизимига киритади, булар автоматик тарзда "Электрон тиббий карта" модулига узатилади.
Дори воситалари беморга ушбу ахборот тизимида электрон рецепт расмийлаштириш орқали тайинланади.
Рецепт даволовчи шифокор томонидан электрон тасдиқлаш усуллари ёрдамида QR кодни автоматик қўйиш билан тасдиқланади. Бунда беморларга тайинланган дори воситалари тўғрисидаги маълумот (дори воситасининг халқаро патентланмаган ёки оригинал номи, кунлик доза, миқдори, таъсир муддати) электрон рецептга бевосита шифокор томонидан киритилади.
Шифокорларга электрон рецепт асосида беморга тайинланган ва чакана сотувда реализация қилинган дори воситаларининг ҳаракатини кузатиб бориш имкони берилади.
Электрон рецептга оид барча маълумотлар беморнинг электрон тиббий картасига автоматик тарзда киритилади.
Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- дори воситалари айланмасини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш учун "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимига интеграция асосида узатиладиган маълумотлар рўйхати;
- тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида электрон рецептни жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.12.2025 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова