Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Ўзини ўзи банд қилганлар иши тўғрисида 15 та муҳим саволНима учун ЯТТнинг ёлланма ишчиларини рўйхатдан ўтказишни йўлга қўйиш лозимЯнги ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом шарҳи

Ер ости сувларидан фойдаланишга оид рухсат этувчи ҳужжатларни бериш тартиби ўзгартирилди

14.01.2021

Рус тилида ўқиш

Қуйидагиларни бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг янги маъмурий регламентлари қабул қилинди (8.01.2021 йилдаги 9-сон ВМҚ):

  • гидрогеологик хулоса;
  • ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома;
  • ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ёки уларни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома.

 

Гидрогеологик хулоса бериш

 

Регламент маълум бир ҳудуднинг ер ости сувлари ҳолати юзасидан гидрогеологик хулосалар бериш билан боғлиқ жараёнларни тартибга солиш, берилган гидрогеологик хулосалар ҳисобини юритиш ҳамда тегишлича сувга қудуқ бурғилаш жараёнига методик жиҳатдан кўрсатмалар бериш мақсадида ишлаб чиқилган. Регламент алоҳида НҲҲ шаклида тайёрланди, аввал гидрогеологик хулосалар бериш тартиби ўз кучини йўқотган 14.08.2019 йилдаги 672-сон ВМҚда назарда тутилган эди.

 

Жисмоний ва юридик шахсларга гидрогеологик хулосалар Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги гидрогелогия корхоналари томонидан Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали берилади. Хулоса 2 йилдан ошмайдиган давр учун берилади. Хулоса берганлик учун 10 БҲМ миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим тўланадиган сумманинг 90%ини ташкил этади.

 

ДХМ вакили тасдиқланган шаклдаги аризани 10 дақиқа мобайнида гидрогеология корхонасига юборади, электрон шаклда тақдим этилган ариза автоматик тарзда юборилади.

 

Гидрогеология корхонаси ариза келиб тушгандан сўнг 1 иш куни мобайнида кўрсатилган ҳудуддаги ер ости сувлари ҳолатини ва тегишлича қудуқ бурғилашнинг мақсадга мувофиқлигини (ер ости сувлари захираларининг мавжудлиги, сув чиқариш имконияти, сифат кўрсаткичлари ва бошқаларни) кўриб чиқади ва гидрогеологик хулосани бериш учун аризани қабул қилиш ёки рад этиш бўйича давлат хизматлари марказига маълумот юборади. Аризани қабул қилиш рад этилганда йиғим қайтарилади. 

 

Хизматлар кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • аризада кўрсатилган ҳудуднинг ёки тегишлича қудуқ географик жойининг тўлиқ бўлмаган, нотўғри ёки бузиб кўрсатилган ҳажмда тақдим этилганлиги;
  • йиғим тўланмаганлиги.

 

Хулоса электрон шаклда матн кўринишида жадваллар, хариталар ва чизмалар каби қўшимча маълумотлар билан тўлдирилган ҳолда тайёрланади. Умумий хизмат кўрсатиш муддати 8 иш кунидан ошмаслиги лозим.

 

ДХМ тайёрланган хулосани ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Шунингдек ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, хулоса электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этилиши мумкин. Ариза берувчи исталган босқичда хизматлардан фойдаланишдан бош тортиши мумкин, бунда йиғим қайтарилмайди.

 

Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш

 

Регламент ўз кучини йўқотган 14.08.2019 йилдаги 672-сон ВМҚнинг ўрнига қабул қилинган ва унда юридик шахсларга ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш тартиби белгиланган. Рухсатнома Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

 

Нималар ўзгарди. Аниқлаштирилишича, ҳар бир бурғи қудуғи учун алоҳида рухсатнома берилади. Рухсатноманинг амал қилиш муддати бурғилаш ишларини бажариш даврига 2 йилдан ошмайдиган (илгари – 1 йилдан ошмаган) давр учун берилади. Регламентга рухсатнома олмасдан ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш қатъиян тақиқланиши тўғрисидаги қоида киритилди.

 

Аризанинг тасдиқланган шакли қуйидаги бандлар билан тўлдирилди:

  • ер ости сувларига қудуқ бурғиланиши лойиҳаланаётган майдон манзили;
  • ер ости сувларига қудуқ бурғиланиши лойиҳаланаётган майдон бўйича илгари олинган гидрогеологик хулосанинг серияси ва рақами;
  • ер ости сувини олишдан мақсад;
  • ер ости сувига бўлган талаб ҳажми.

 

«Юридик шахснинг фаолият турлари», «кадастр ишини рўйхатдан ўтказиш рақами ва санаси» бандлари аризадан чиқариб ташланди.

 

Илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилди. Энди фақат қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун буюртмачи ва ариза берувчи ўртасида тузилган шартнома нусхаси;
  • ариза берувчи тегишли бўлган бурғилаш ускунасининг мавжудлиги тўғрисида маълумот, ускуна техник паспорти  ёки уни ижарага олганлиги тўғрисида шартнома нусхаси.

 

Рухсатнома бериш учун йиғим аввалгидек БҲМнинг 30%и миқдорида тўланади. Юридик шахслар давлат хизматларини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этганда, ундириладиган йиғимнинг 90%и тўланади.

 

Ҳужжатлар қайта тақдим этилганда (рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда), камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги ариза олинган кундан бошлаб 3 иш куни давомида (илгари – 5 иш куни) кўриб чиқилади.

 

Қуйидагилар учун рухсатнома беришда рухсат бериш талаблари ва шартларига бир қанча ўзгартиришлар киритилди:

  • қудуқни санитария-муҳофаза зонасини ўрнатиш учун жиҳозлаш (илгари – 1-бўғин зоналари);
  • бурғилаш ишлари якунлангандан кейин ДХМ ёки ЯИДХП орқали бурғи қудуғини ҳисобга қўйиш учун техник паспортни тақдим этиш.

 

Ариза берувчи ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ишлари якунлангандан сўнг 1 ой муддатда ДХМ ёки ЯИДХП орқали бурғи қудуғини ҳисобга қўйиш учун техник паспортни тақдим этиши шарт. Аввал техник паспорт бевосита гидрогеология станциясига тақдим этилган. Гидрогеостанция 2 иш куни (илгари – 1 иш куни) давомида техник паспортни кўриб чиқади. Натижалар бўйича қудуққа тартиб рақами берилади ва у ҳисобга олинади.

 

Шунингдек регламентда қудуқларни ҳисобга олиш ёки рухсатнома олмасдан бурғиланган фойдаланишдаги қудуқларни тугатиш тартиби назарда тутилган. Энди фойдаланишга яроқсиз эгасиз қудуқлар Давлат геология қўмитаси бошчилигида экология органлари, сув, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий ҳокимлик ва бошқа тегишли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ қарори асосида янги сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчига топширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.01.2021 йилдан кучга кирди.

 

Наргиза Вохидова.