Соғлиқни сақлаш вазирининг "Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги буйруғи (14.07.2025 й. АВ рўйхат рақами 3386-1) қабул қилинди.
Ушбу ўзгартиришлар маҳсулот хавфсизлигини кучайтириш, сертификатлаштириш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, сертификат беришни рад этиш ва уларни бекор қилиш учун қўшимча асосларни жорий этиш, шунингдек, маъмурий жараёнлар муддатини оптималлаштиришга қаратилган.
Ҳужжатга қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди:
– биринчидан, сертификатлаштиришни рад этиш асослари кенгайтирилди. Энди сертификат қуйидаги ҳолларда ҳам рад этилиши мумкин:
• маҳсулот давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса-ю, бу амалга оширилмаган бўлса (рўйхатдан ўтказилмасдан рухсат этилган маҳсулотлар бундан мустасно);
• рецепт асосида бериладиган дори воситаларида референт нархлар мавжуд бўлмаса ёки белгиланганидан ошиб кетган бўлса;
• мажбурий рақамли маркировка талаб этиладиган маҳсулот белгиланган тартибда маркировка қилинмаган бўлса;
– иккинчидан, маъмурий жараёнларнинг муддати узайтирилди. Энди сертификат бериш тўғрисидаги қарор икки иш куни ичида қабул қилинади (илгари — бир кун эди). Мувофиқлик сертификати эса қарор қабул қилинганидан сўнг тўлов тўлиқ амалга оширилган шарти билан уч иш куни ичида расмийлаштирилади (илгари — тўловга боғлиқ бўлмаган икки кун);
– учинчидан, мувофиқлик сертификатини бекор қилиш асослари кенгайтирилди. Хусусан, эндиликда сертификат қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
• маҳсулот истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид туғдирса;
• инспекция назорати натижаларига кўра номувофиқликлар аниқланса;
• маҳсулот таркиби ёки ишлаб чиқариш технологияси хабарномасиз ўзгартирилган бўлса;
• ариза берувчи ташкилот тугатилган бўлса;
• маҳсулот ариза берувчи ташаббуси билан қайтариб олинган бўлса;
• норматив ҳужжатлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган бўлса;
• назорат қилувчи орган томонидан тақдимнома келиб тушган бўлса.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.10.2025 йилдан кучга киради.
Саодат Усманова