Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
My3.soliq.uz сайтидаги янги функционалларни ҳисобга олган ҳолда айланма солиғи ҳисоботига қандай ўзгартиришлар киритиш мумкин Мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадни аниқлаш тартиби

Фойдаланишга топширилган объектнинг камчиликларини бартараф этиш харажатлари қандай қопланади

03.06.2025

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2025 йилдаги «Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги 338-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Белгиланишича, фойдаланишга топширилган объектларни кафолат муддати давомида тижорат банклари томонидан суғурталаш ёки кафолатлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади.

 

Пудратчи ташкилот ўз хоҳишига кўра объект фойдаланишга топширилгандан сўнг буюртмачига кафолат муддати давомида суғурта ёки банк кафолатини тақдим этиш йўли билан объектнинг умумий қийматини тўлиқ молиялаштиришни таклиф қилади.

 

Объектни фойдаланишга топшириш далолатномаси тасдиқлангандан ва пудратчи ташкилот томонидан буюртмачига банк кафолати ёки суғурта шартномаси (суғурта полиси) тақдим этилгандан кейин буюртмачи томонидан 10 иш куни мобайнида объектнинг қолдиқ қиймати тўланади.

 

Ихтиёрий суғурта шартномаси асосида суғурталовчи объектда аниқланган камчиликлар натижасида буюртмачига етказилган зарарнинг қопланишини суғурта қилади.

 

Суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича бинолар ва иншоотлар фойдаланишга топширилгандан кейин суғурта қилдирувчининг уларга нисбатан кафолат мажбуриятлари билан боғлиқ кутилмаган харажатлар (зарарлар) хавфи суғурталаниши мумкин.

 

Кафолат муддати давомида юзага келиши мумкин бўлган кўзда тутилмаган харажатлар (зарарлар) хавфи билан боғлиқ бўлган пудрат ташкилотининг мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади.

 

Пудратчи ташкилот учун унинг буюртмачи олдидаги кафолат мажбуриятлари доирасида таъмирлаш (алмаштириш, тиклаш) билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатлар (зарарлар)нинг юзага келиши суғурта ҳодисаси деб эътироф этилади.

 

Суғурта ҳодисаси қуйидагилар аниқланганда содир бўлади:

• кафолат муддати давомида қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишлари жараёнида пудратчи ташкилот томонидан йўл қўйилган камчиликлар;

• кафолат мажбуриятлари бўйича таъмирлаш ишларини бажаришда пудратчи ташкилот ёки у ваколат берган шахслар томонидан йўл қўйилган бошқа камчиликлар.

 

Тижорат банклари пудрат ташкилоти томонидан қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилганлиги ва/ёки ушбу объектда пудрат шартномаси шартларига ва/ёки шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган сифатсиз асбоб-ускуналар ва мебель-анжомлар ўрнатилганлиги аниқланганлиги натижасида буюртмачига етказилган зарарнинг ўрни пудрат ташкилоти томонидан фойдаланишга топширилган объектнинг белгиланган кафолат муддати давомида ихтиёрий равишда қопланишини кафолатлайди.

 

Банк кафолати миқдори объект умумий қийматининг 5 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.05.2025 йилдан кучга кирди.

 

Собир Нурбердиев