Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Солиқ тўловчининг шахсий кабинети «заифлигини» қандай бартараф этиш мумкин Инспекцияга чақиришганда ўзингизни қандай тутишингиз керак Товарлар экспорт қилинганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади Товарлар экспорт қилинганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилди

26.06.2025

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 23.06.2025 йилдаги ПФ-98-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

 

Концепция қуйидаги мақсадларда қабул қилинди:

  • халқ ҳокимиятчилиги принципини тўлақонли рўёбга чиқариш;
  • фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этиши, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш;
  • «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» принципи асосида ҳудудий бошқарувни номарказлаштириш, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари ваколатларини мувозанатли тақсимлаш, шунингдек ҳар бир бўғиннинг маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш;
  • ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш.

 

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига қуйидаги ваколатлар ўтказилади:

  • давлат кўчмас мулки эксплуатацияси учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш;
  • дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини ва дафн этиш хизматлари тарифлари миқдорини тасдиқлаш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш;
  • йўлларнинг айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини оширишга ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиш билан) рухсат бериш.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:

  • маҳаллий бюджет харажатларининг бир қисми маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббуси асосида шакллантирилади;
  • маҳаллий Кенгашлар қошида Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги ёшлар парламентлари тажрибасидан келиб чиқиб Ёшлар гуруҳлари ҳамда ННТлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва илмий доиралар вакилларидан иборат Маслаҳат гуруҳлари ташкил этилади;
  • маҳаллий Кенгашлар котибиятлари фаолиятини ташкилий қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида маҳаллий ижро ҳокимияти органларидан мустақил молиявий ҳисоб-китоб тизими жорий этилади;
  • Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институти ташкил этилади.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова