Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Электрон тижорат иштирокчилари қандай солиқ ставкаларини қўллайдиларЙўриқнома: ижтимоий солиқ суммасини қайтариш учун ариза қандай бериладиОнлайн-НКМ чекида комитентнинг товарини сотиш, бўнак ва тўловни кечиктириш қандай акс эттирилади

Ҳисоб палатаси аудитни ўтказади

06.09.2021

Рус тилида ўқиш

Президент томонидан 27.08.2021 йилдаги «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6300-сон Фармон имзоланди.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган назорат шакллари ва турларига қўшимча қуйидагилар амалга жорий этилади:

  • молиявий аудит. Унда бухгалтерия (бюджет) ҳисоби юритилиши, молиявий ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги, молиявий ресурслардан мақсадли ва қонуний фойдаланилганлиги ҳамда даромадларнинг тўлиқлиги, шунингдек молиявий операцияларнинг қонунийлигини баҳолаш назарда тутилади;
  • мувофиқлик аудити. Бу  консолидациялашган ва жалб қилинган бюджет маблағларидан фойдаланишда, давлат харидларини амалга оширишда, шунингдек даромадларнинг тўлиқлигини таъминлаш ва бизнес жараёнларида НҲҲ талабларига риоя қилинганлигини ва уларнинг давлат дастурларига мувофиқлигини текшириш ва баҳолашдан иборат;
  • самарадорлик аудити. У назорат объектида харажатлар, субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини, ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг тежамкорлигини, белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини, консолидациялашган бюджет ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги ва натижадорлигини, шунингдек давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигини баҳолаш ва таҳлил қилишни ўз ичига олади.

 

Дастлабки босқичда 2022 йилнинг биринчи чорагида қуйидагиларда:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлигида – молиявий аудит;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида – самарадорлик аудити;
  • Сув хўжалиги вазирлигида – самарадорлик аудити;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида – мувофиқлик аудити ўтказилади.

 

Юқорида баён этилганларга мувофиқ Ҳисоб палатасига қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:

  • 2022 йил 1 январга қадар Олий аудит органларининг халқаро стандартлари (ISSAI) асосида ташқи аудит тадбирларини режалаштириш ва ўтказишни ташкил этиш, улар доирасида молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитларини ўтказиш, шунингдек давлат молиявий назоратида хавф-таҳлилни амалга ошириш стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • 2022 йил 1 октябрга қадар ТИВ билан биргаликда Олий аудит органларининг халқаро стандартларини (ISSAI) жорий этиш, ходимлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш ва илғор тажрибаларни амалиётда қўллаш учун Олий аудит органларининг халқаро ташкилотига (INTOSAI) аъзо бўлишни таъминлаш.

 

2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба ОАВ вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий назорат тадбирлари фақатгина назорат ишларининг йиллик дастурига киритилган субъектларда амалга оширилади, камерал назорат ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно.

 

Шунингдек 2022 йил 1 январга қадар «Давлат аудити» дастурий комплексининг ишга туширилиши таъминланади. Бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларда ўтказилган барча давлат молиявий назорати тадбирлари, шу жумладан ички аудит хизматларининг аудит тадбирлари «Давлат аудити» дастурида рўйхатга олинади. «Давлат аудити» дастурида рўйхатга олинмаган назорат тадбирлари ноқонуний ҳисобланади.

 

2022 йилдан бошлаб Молия вазирлиги ва ҳар бир ички аудит хизмати томонидан ҳар чоракда фуқаролар иштирокидаги аудит тизими орқали аниқланган камида иккита объектда назорат тадбирини ўтказишни назарда тутувчи фуқаролар иштирокидаги аудит тизими жорий этилади.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитлари ташқи аудит стандартлари ҳамда қўлланмалари асосида ўтказиладиган вазирликлар рўйхати;
  • Ҳисоб палатаси тузилмаси;
  • Ҳисоб палатаси Ҳайъати таркиби;
  • 2021-2022 йилларда давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси».

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.08.2021 йилдан кучга кирди.


Наргиза Воҳидова.


Валюталар курси

2021-11-29
  • USD:10777.04 (+0.00) сум
  • EUR:12140.34 (+0.00) сум
  • RUB:142.21 (+0.00) сум