Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Ички ишлар органлари фаолиятига янги механизмлар жорий қилинади

31.03.2021

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 26.03.2021 йилдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари белгиланди. Ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этилади. Тегишли ҳудудларда жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллалар тоифаларга ажратилади. Шунингдек «республика – вилоят – туман – маҳалла» тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмлари жорий этилади.

 

Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилади. Улар ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланади.

 

2021 йил 1 июнга қадар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш имконини берувчи «Smart маҳалла» ахборот дастури ишлаб чиқилади ва ишга туширилади. Йил якунига қадар дастур республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ишга туширилади.

 

Туман ва шаҳар ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги 24 та ички ишлар бўлимлари ва айрим тузилмаларининг раҳбарлик лавозимлари мақбуллаштирилади. Жойлардаги криминоген ва ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, туман ва шаҳар ички ишлар органларининг ташкилий-штат тузилмаларини шакллантириш ва мунтазам ўзгартириб бориш тартиби жорий этилади. Туман ва шаҳар пробация бўлинмалари тегишинча туман ва шаҳар ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилади.

 

ИИВ тузилмасида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармасини ўз ичига оладиган Тезкор-қидирув департаменти;
  • Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Пробация хизматини ўз ичига оладиган Жамоат хавфсизлиги департаменти;
  • Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси, Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасини ўз ичига оладиган Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти;
  • Кадрлар бош бошқармаси, Маънавий-маърифий ишлар бошқармаси, касбий тайёргарлик бошқармасини ўз ичига оладиган Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти;
  • Ҳуқуқий-статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази. У ИИВнинг Тезкор-маълумотлар бошқармаси негизида, шунингдек Бош прокуратуранинг Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини тугатиш ҳисобига ташкил этилади;
  • Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази.

 

Жазони ижро этиш бош бошқармаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилади, у бевосита ички ишлар вазирига бўйсунади. Ички ишлар органларининг тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари департамент бўйсунувига ўтказилади. Департамент тизимида 6 та минтақавий мувофиқлаштириш маркази ташкил этилади, улар томонидан тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари фаолияти самарали йўлга қўйилиши ва уларда кунлик назоратни олиб борилиши таъминланади.

 

Ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмасида:

а) қуйидаги лавозимлар тугатилади:

  • ИИО бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш, пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосарлари;
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлими) бошлиғи;

б) қуйидагилар тугатилади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозими;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлими) бошлиғи лавозими;
  • вилоят ички ишлар бошқармаси (бош бошқармаси) бошлиқларининг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;

в) Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозими жорий этилади.

 

Шунингдек ички ишлар органлари тизимини янада такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.03.2021 йилдан кучга кирди.

 

 Эльмира Сиразиева.



Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16