Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Ижро ишини юритиш соддалаштирилмоқда

13.03.2019

Рус тилида ўқиш

 

Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш жараёни такомиллаштирилади. Уч босқичда жорий этиладиган чора-тадбирлар комплекси кўзланган. ЎзАда жойлаштирилган Президентнинг 2019 йил 12 мартдаги қарорида шулар назарда тутилган.

  

Биринчидан, 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади. Бунда ундирувчининг аризаси бўйича 15 кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритиш тўхтатиб турилади. Жараёнга давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.

 

Томонлар ҳар қандай босқичда ижро предметига доир келишувни расмийлаштирсалар, ижро ишини юритиш тугатилади. Келишувга келмасалар, томонлардан бири медиацияни давом эттиришдан воз кечса ёки уни амалга ошириш муддати тугаса, ижро иши юритиш қайтадан тикланади. Бунда медиация тартиб-таомили такроран амалга оширилмайди.

 

Иккинчидан, 1 июндан бошлаб ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб 1 иш куни ичида ҳал этилади (ҳозир – 3 кунда). Ижро ҳаракатларини икки марта кечиктиришга йўл қўйилади (ҳозир фақат кечиктирилиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган – 10 кундан ортиқ эмас).  

 

Иш юритишда иштирок этиш учун тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур эканлиги белгиланди.

 

Учинчидан, 1 октябрдан бошлаб Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси жорий этилади. Унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш орқали қуйидагилар киритиб борилади:

  • ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари;
  • ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар.

 

Ваколатли органлар (мансабдор шахслар)нинг белгиланган муддат давомида ихтиёрий тартибда бажарилмаган маъмурий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари мажбурий ижро этиш учун электрон ҳужжат кўринишида автоматик равишда Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимига юборилади.

 

Ижро ҳужжатларида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома e-mail га ёки SMS хабар кўринишида йўлланади.

 

Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани ва Навоий шаҳри МИБ бўлимларида тажриба сифатида ижро ҳужжатларини автоматлаштирилган тизим орқали давлат ижрочилари ўртасида автоматлаштирилган тақсимлаш тартиби жорий этилади. Тажриба 2020 йил 1 мартга қадар давом этади, унинг натижаларига кўра мазкур амалиётни барча бўлинмаларда жорий этиш бўйича қарор қабул қилинади.

 

Яқин истиқболда қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:

  • МИБ сайтида ва ЯИДХПда ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш;
  • шартнома-воситачилик асосларида сотишга топшириладиган мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотиш тартибини жорий этиш;
  • ундирув қаратилган мол-мулк савдога қўйилган пайтдан бошлаб сотилишигача бўлган ҳаракатини мониторинг қилиш имконини берувчи мол-мулк ҳисобини юритишнинг ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш;
  • ижро иши юритишда ундириладиган давлат божлари, маъмурий жарималар ва бошқа тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда тўлаш учун ЯИДХПда алоҳида платформани яратиш;
  • маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш: ҳуқуқбузар қарор топширилган санадан бошлаб 15 кун ичида 70%ини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, уни қолган суммани тўлашдан озод этиш. У суд томонидан жаримага тортилганда; қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда; маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида қўлланмайди;
  • суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги, шунингдек уларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш борасидаги процессуал нормаларни тизимлаштиришни назарда тутувчи Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш.

 

Олег Заманов.


 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16