Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2026 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 493-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи муассасаларга пуллик хизматлар кўрсатиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, уларнинг мол-мулкини ижарага бериш, шунингдек, муассасаларни ривожлантириш жамғармаларига қўшимча маблағларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Агентлик ҳар йили 15 декабрга қадар муассасаларда келгуси йил учун пуллик хизматлар ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уларнинг ривожлантириш жамғармаларидан даромадларни кўпайтиришга қаратилган йиллик прогноз кўрсаткичларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг бажарилишини мониторинг қилади.
Муассасаларда бюджетдан ташқари молиялаштириш манбаларини кенгайтириш мақсадида давлат буюртмачиларига муассасаларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни молия йили учун БҲМнинг 1 500 бараваридан ошмайдиган суммага тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилишга рухсат берилади.
Пуллик хизматларга реабилитация, тиббий диагностика, даволаш, парваришлаш, дефектолог ва психолог хизматлари киради. Бунда давлат томонидан кафолатланган хизматлар пулли асосда кўрсатилиши мумкин эмас.
Шунингдек, ходимларни пуллик хизматлар кўрсатишга мажбурий жалб қилиш тақиқланади.
Пуллик хизматлар ва маҳсулотларни сотишдан олинган даромадлар ҳисобидан ходимларга лавозим маошининг 300 фоизигача устамалар, энг самарали ходимларга эса ҳар чоракда беш ойлик маошгача мукофотлар тўланиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




