Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

“Илҳом” фонди ижодкорларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади

10.08.2017


Президентнинг 9.08.2017 йилдаги ПҚ-3184-сон “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.

 

Маданият вазирлиги, Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ташкилотни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

 

Қуйидагилар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг (кейинги ўринларда – Фонд) асосий вазифалари ҳисобланади:

  • Ўзбекистонда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантириш учун маблағ ажратиш ва йўналтириш, бу борада тегишли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш;
  • Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасини моддий таъминлаш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш, мазкур уюшмалар аъзолари бўлган ва соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийларга манзилли моддий ёрдам кўрсатиш;
  • Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасаларнинг моддий-техник базасини изчил мустаҳкамлаб бориш, унинг тасарруфидаги мулкни бошқариш, Фонд уставида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

Қуйидагилар Фонд фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлади:

  • Фондга Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидиялар);
  • Фонд ихтиёрига ўтказиладиган ижод уйларини ижарага бериш ва Фонднинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Дастлабки босқичда Фондга 20 млрд сўм ажратилади (7 млрд - Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, 13 млрд - ноқонуний йўл билан топилган ва мусодара этилган даромадлар ҳисобидан). Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Оқтош” ижод уйи (Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Сойлиқ қишлоғи) Фонд бошқарувига ўтказилади.

 

Фонд ва у молиялаштирадиган муассасалар 2022 йил 1 январга қадар барча солиқлар, шунингдек, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан озод қилинди.

 

Бу – муҳим! Ушбу имтиёзлар тақдим этилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар фақат Фонд зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.

 

Ҳужжат билан, шунингдек Фонднинг Ҳомийлик кенгаши таркиби (А.Арипов), Фонднинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Фонднинг Ҳомийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қиладиган Ижроия дирекция Фонднинг ижро органи ҳисобланади.

 

Дирекция Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент шаҳар, Алишер Навоий номидаги миллий боғ ҳудудидаги биносида жойлаштирилади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.

Валюталар курси

2024-04-26
  • USD:12640.21 (+0.00) сум
  • EUR:13559.15 (+0.00) сум
  • RUB:137.02 (+0.00) сум