Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2026 йил учун хорижий автотранспортнинг кириши ва транзити бўйича йиғим ставкалари тасдиқланди 2026 йил январь ойида қандай статистика ҳисоботларини топшириш керак СК-2026: Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича ўзгаришлар СК-2026: Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича ўзгаришлар

Илм-фан соҳаси тубдан ислоҳ қилинади

30.12.2025

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 27.12.2025 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-390-сон қарори қабул қилинди.

 

Асосий мақсад – Фанлар академиясининг иқтисодиёт тармоқлари учун қўшимча қиймат яратишда иштирокини кенгайтириш, шунингдек, қуйидагилар орқали унинг фаолиятини такомиллаштириш:

  • Фанлар академиясида 2030 йилгача устувор йўналишлар бўйича илмий тадқиқотларни жорий этиш (тасдиқланган рўйхат бўйича);
  • 2030 йилга қадар Фанлар академияси ва унинг тизимидаги ташкилотларда:

- янги илмий ишланмалар сони ва тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини – 3 баравар;

- илмий ходимлар таркибида ёшлар улуши – 60 фоизгача;

- нуфузли халқаро илмий нашрларда эълон қилинган мақолалар сонини – 4 баравар;

- академиклар ва профессорларнинг таълим жараёнидаги иштироки – 5 баравар;

- халқаро ҳамкорлик асосида амалга оширилган илмий тадқиқотлар сони – 3 баравар ошириш;

  • хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган илмий диаспораларни Ўзбекистон илм-фанига реинтеграция қилиш;
  • Фанлар академияси илмий муассасаларини молиялаштиришни рақобат тамойилига ўтказиш;
  • ёшларнинг академик илм-фандаги иштирокини кучайтириш учун рағбатлантириш тизимини яратиш.

 

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фан ва саноатни интеграциялаш кенгаши ташкил этилади, у:

  • иқтисодиёт тармоқлари учун масъул вазирлик, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, илмий муассасалар вакилларидан иборат бўлиб, унинг таркиби Президент Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади;
  • қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларидаги илмий ечимини кутаётган муаммолар рўйхатини шакллантиради, уларни илмий муассасалар ўртасида тақсимлайди, шунингдек, уларни молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда давлат томонидан кафолатланган буюртмаларни белгилайди;
  • ижобий баҳоланган лойиҳаларни илмий муассасаларнинг илмий-техник дастурларига киритади, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан шакллантириладиган амалий ва инновацион грантлар танловлари дастурларида устувор мавзулар сифатида белгиланишини таъминлайди ва бошқалар.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
  • Фанлар академияси фаолиятининг 2030 йилгача бўлган мақсадли кўрсаткичлари;
  • Фанлар академияси илмий ходимлари сонини босқичма-босқич кўпайтириш режаси.

 

2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда илмий ходимлар фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини (KPI) ҳамда илмий муассасалар илмий фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилади. Бунда:

  • илмий муассасалар рейтинги йил якунлари бўйича комплекс индикаторлар асосида тузилади ва "яшил", "сариқ", "қизил" тоифаларга ажратилади;
  • рейтинг тоифасидан келиб чиқиб, илмий муассасаларнинг янги лойиҳаларини қўшимча молиялаштириш, улар учун янги лаборатория ва бўлимлар ташкил этиш ёки уларнинг штат бирликларини бошқа илмий муассасаларга ўтказган ҳолда уларни ёпиш;
  • илмий ходимларнинг KPI баҳолаш уларнинг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда баллар асосида амалга оширилади.

 

2026 йил 1 мартга қадар халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда илмий муассасалар фаолиятини ялпи хатловдан ўтказиш, истиқболсиз ва паст самарали фаолият юритаётган илмий йўналишлар ва лабораториялар сонини мақбуллаштириш ҳисобига янги илмий гуруҳлар ва лабораториялар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигининг Илғор технологиялар маркази ҳамда Халқаро молекуляр аллергология маркази Фанлар академияси тизимига ўтказилмоқда.

 

Шу билан бирга қуйидагилар яратилади:

  • Фанлар академиясининг Наманган, Самарқанд ва Термиздаги ҳудудий бўлимлари;
  • Илм-фан бўйича халқаро кенгашнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси.

 

Миллий археология маркази Фанлар академияси ҳузуридаги Антропология институти деб қайта номланади.

 

Илмий ходимларни рағбатлантириш ва МТБни мустаҳкамлаш

 

2026 йил 1 январдан:

  • Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи методик марказ, Фанлар академиясининг Халқаро молекуляр аллергология маркази раҳбар ва илмий ходимларининг иш ҳақи илмий муассасалар раҳбар ва илмий ходимларининг базавий лавозим маошига тенглаштирилади;
  • илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга бўлган илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академиясининг Жамғармаси ташкил этилади. 

 

Жамғармани шакллантириш манбалари:

  • ҳар йили Давлат бюджетидан ажратиладиган 80 млрд сўм;
  • Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, хорижий ҳомийларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

Шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб Фанлар академияси бошқарув аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ходимларига Фанлар академияси жамғармаси ҳисобидан тўланадиган моддий рағбатлантириш турлари;
  • Фанлар академияси жамғармаси маблағларини сарфлаш йўналишлари;
  • Фанлар академиясининг ташкилий тузилмаси.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.12.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова