Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ПФ-153-сон Фармонга асосан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ЭҲФ қандай расмийлаштирилади ПФ-100-сон Фармон кичик корхоналарнинг солиқ маъмуриятчилигида нималарни ўзгартиради ПФ-100-сон Фармон кичик корхоналарнинг солиқ маъмуриятчилигида нималарни ўзгартиради

Илмий кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳ қилинмоқда

01.06.2026

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 26.05.2026 йилдаги "Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-98-сон Фармони қабул қилинди. 

 

Мақсад – олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш, докторантларни тайёрлаш жараёнларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, диссертация тадқиқотларининг сифатини, илмий ва амалий аҳамиятини оширишдан иборат.

 

Илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари

 

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таянч докторантура ва докторантурада кадрлар тайёрлаш бўйича:

• илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари мутахассисликлари учун докторантурага умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи ажратилади;

• табақалаштирилган стипендиялар тизими жорий этилади, бунда устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендия миқдорида 1,7 бараварга оширилган стипендия тўланади;

• устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга асбоб-ускуналар ва бошқа товарларни харид қилиш учун ҳар ойда базавий стипендия миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағлар йўналтирилади.

 

2027 йилги қабулдан бошлаб илмий раҳбарлик (маслаҳат бериш) учун базавий докторантурага қабул қилинган стажёр-тадқиқотчига, шунингдек, ўз вақтида ҳимоя қилган докторантга ойлик тўлов ўрнига бир марталик рағбатлантирувчи тўлов тўланади.

 

Илмий даражали кадрлар тайёрлашга лойиҳавий ёндашув

 

"Лойиҳа доирасида илмий даража" дастурининг жорий этилиши амалий тадқиқотлар лойиҳалари доирасида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутади.

 

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ҳар йили устувор илмий ихтисосликлар бўйича тадқиқот лойиҳалари танлови эълон қилинади, уларнинг муддати уч йилдан ошмайди.

 

Докторант – тадқиқот лойиҳаси амалга оширилаётган ташкилотнинг талабгори бўлиб, унга таянч докторантура учун белгиланган миқдорда стипендия тўланади. Тадқиқот лойиҳаси даврида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилган тадқиқотчининг лойиҳа бўйича илмий ҳисоботи экспертизадан ўтказилмайди.

 

Илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш

 

2027 йил 1 январдан илмий даража беришда қуйидагилар бекор қилинади:

• мустақил изланувчилардан ташқари чет тили бўйича малака имтиҳонини топшириш;

• диссертация мавзуларини рўйхатдан ўтказиш ва диссертация ҳимояси тўғрисидаги эълонни Олий аттестация комиссияси томонидан эълон қилиш;

• етакчи ташкилотда диссертация муҳокамасини ўтказиш;

• ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишлари бўйича фан доктори (ДСc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертациялар натижалари бўйича монография чоп этиш;

• диссертация авторефератини нашр этиш;

• диссертациянинг илмий натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича хулоса;

• диссертацияни Олий аттестация комиссиясининг соҳавий экспертлар кенгаши томонидан илмий экспертизадан ўтказиш;

• Ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш ва бошқалар.

 

Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилади.

 

Илмий кенгашлар томонидан маъқулланган диссертациялар бўйича танлов асосида, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мустақил экспертиза ўтказилади ва рейтинг натижаларида акс эттирилади.

 

Рейтинг Олий аттестация комиссияси томонидан Ягона автоматлаштирилган электрон ахборот порталида рейтинг мезонлари ва баҳолаш натижаларини акс эттирган ҳолда Интернет тармоғи орқали ҳамма танишиб чиқиши мумкин бўлган очиқ шаклда юритилади.

 

Олий аттестация комиссияси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфидан Фанлар академияси тизимига ўтказилади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

• Илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари;

• Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси".

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.05.2026 йилдан кучга кирди.

 

                                                  Лола Абдуазимова