Президентнинг 04.08.2026 йилдаги «Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-292-сон қарори қабул қилинди.
Мақсадлар:
- алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг психологик-педагогик ҳолатини комплекс баҳолаш;
- уйда ёки интернат шаклида таълим олаётган болалар сонини қисқартириш, уларнинг яшаш жойига яқин мактабларда таълим олишини кенгайтириш;
- таълим ташкилотларида тўсиқсиз ва инклюзив муҳитни шакллантириш, болаларни ассистив жиҳозлар билан таъминлаш, индивидуал таълим режаларини ва коррекцион-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
- ногиронлиги бўлган болаларнинг интеллектуал, ижодий, касбий ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ривожлантирувчи дастурлар, касбий маҳорат ва ижодий танловларни кенг жорий этиш.
Замонавий инклюзив таълим экотизимини шакллантириш
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълимга жалб қилиш бўйича «оилабай» ишлаш тизими жорий этилади. Бунда ижтимоий ходим ота-оналарга таълим ва ижтимоий хизматлар олишда амалий кўмак кўрсатиб боради.
3-18 ёшдаги болаларнинг алоҳида таълимга эҳтиёжини аниқлаш ва уларни давлат таълим муассасаларига йўналтириш «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг Болани комплекс баҳолаш гуруҳи томонидан амалга оширилади. Баҳолаш гуруҳи фаолияти 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Навоий ва Хоразм вилоятларида йўлга қўйилади.
2027 йил 1 майдан бошлаб туманлараро ва туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ҳамда баҳолаш гуруҳининг хулосаси асосида ваучер тизимига асосан замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонида, миллий сертификат олиш бўйича имтиҳонда (синовда), шунингдек, ногиронлиги бўлган педагог кадрларни аттестациядан ўтказишда белгиланган вақт меъёрининг 50 фоизи миқдорида қўшимча вақт берилади ҳамда Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган муассасаларда ўқитиш боланинг индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.
Молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим оладиган ҳар бир ўқувчи учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратиш назарда тутилади:
- Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 11 баравари;
- вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида – БҲМнинг 9,5 баравари;
- бошқа туман (шаҳар)ларда – БҲМнинг 8,5 баравари.
Шунингдек, ҳар йили камида 50 та давлат мактабларида ногиронлиги бўлган болалар учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун БҲМнинг 500 бараваригача миқдорда «Инклюзив таълим муҳити» гранти ажратилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш
ННТлар билан биргаликда ҳар йили «Имкониятлар олимпиадаси» (Abilympics) ҳамда «Ўсиш ва ривожланиш» (UPSHIFT) танловлари ўтказиб борилади.
Бунда ушбу танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиб ва совриндорларга БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти берилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим ташкилотларида мақсадли қабул асосида эшитишида нуқсони бўлган болаларга хорижий тилларни ўргатувчи ўқитувчи-педагоглар тайёрлаш йўлга қўйилади. «Бошланғич синф ўқитувчиси» мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабаларга эса махсус педагогика фанлари чуқурлаштирилган дастурлар асосида ўқитилади.
2026-2028 йилларда алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларга таълим хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




