Вазирлар Маҳкамасининг 03.03.2026 йилдаги "Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 91-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича йўл харитаси, шунингдек, унинг ижросини мониторинг қилувчи, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг йиллигини нишонлаш бўйича тадбирларни ташкил этувчи Миллий комиссия таркиби тасдиқланди.
Мутасадди вазирлик ва идоралар ўзларига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар чорак якунида келгуси ойнинг 5-санасидан кечиктирмай Миллий комиссияга ахборот тақдим этиши шарт.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Миллий комиссиянинг ишчи органидир.
Хусусан, Йўл харитасига мувофиқ:
- ҳар йили декабрь ойида "Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги" ўтказилади;
- 2026 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоли таълим соҳаларига бағишланган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари учун танлов эълон қилинади;
- инсон ҳуқуқларининг тегишли соҳалари бўйича хорижда ўқиш ва малака оширишга қаратилган очиқ танловлар ташкил этади;
- олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган курсантлар ва талабалар учун "Инсон ҳуқуқлари" ўқув дастурини ўқув жараёнига жорий этиш ва бошқалар.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури 2004 йилда ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда (2005-2009 йиллар) асосий эътибор бошланғич ва ўрта таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимга қаратилди; иккинчи босқичда (2010-2014 йиллар) асосий эътибор олий таълим тизимига ва ўқитувчилар ҳамда тарбиячилар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва барча даражадаги ҳарбий хизматчилар ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув дастурларини ўтказишга қаратилди; учинчи босқичда (2015-2019 йиллар) оммавий ахборот воситалари вакиллари;
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 04.03.2026 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова



