Президентнинг 26.05.2026 йилдаги ПҚ-204-сон қарорида молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар белгиланган.
Мақсад – тадбиркорлик субъектларига сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ишончли рақамли молиявий инфратузилмани яратиш.
Молиявий хизматларни оммалаштириш учун 2030 йилгача кичик ва ўрта бизнес учун кредитлар портфели 3 баравар оширилади ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 20 фоизга етказиш режалаштирилган. Банклар томонидан гаровсиз онлайн микрокредитлар ўртача 1 соат ичида ажратилади, микрокредитлар улуши 60 фоизга етказилади.
Бундан ташқари, кредит тарихига эга бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланишини кенгайтириш режалаштирилган.
Рақамли молиявий платформа ва муқобил скорингни жорий этиш
2026 йил 1 июлга қадар кредит олиш учун ариза бериш ва ушбу ариза бўйича бир нечта банклардан таклифлар олиш учун рақамли платформа ишга туширилади.
Кичик ва ўрта бизнес субъектлари тўғрисидаги маълумотлар "Рақамли ҳукумат" тизимининг Рақамли маълумотлар платформаси томонидан 2027 йил 1 июнга қадар бепул тақдим этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб Платформа доирасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда муқобил скоринг моделини жорий этиш режалаштирилган.
"AI маслаҳатчи" дастури тадбиркорларга маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва "ўсиш нуқталари"ни ҳисобга олган ҳолда бизнес ғояларини ишлаб чиқишда ёрдам беради.
Платформани юритиш ва муқобил скорингни ўтказиш учун Марказий банк ҳузуридаги "Ахборотлаштириш бош маркази" (Платформа оператори) иштирокида янги юридик шахс МЧЖ ташкил этилади.
Кичик бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш
2026 йил 1 июлдан бошлаб "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастури доирасида тадбиркорлик субъектлари учун микрокредитнинг гаровсиз қисми қўшимча тартибда 100 млн сўмдан 200 млн сўмгача оширилади.
"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ қуйидагиларни тақдим этади:
• кичик бизнес субъектларига кредитнинг (лизинг), унинг миқдоридан қатъи назар, 5 млрд сўмгача бўлган қисми бўйича белгиланган тартибда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация;
• Дастур асосида ҳар йили қўллаб-қувватланадиган, фаолияти ривожланган ва юқори кўрсаткичга эга бўлган 100 та тадбиркорлик субъектига фаолиятни рақамлаштириш, халқаро стандартлар ва "яшил" технологияларни жорий этиш билан боғлиқ харажатлар учун 300 млн сўмгача грант.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



