Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПФ–5291-сон Фармони ҳамда Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3450-сон қарори бунга имконият яратди.
Натижада 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб шу жумладан қуйидаги пенсионерлар тўлиқ пенсия олишга ҳақли:
- улар ишга жойлаштирилганлиги ёки фаолият соҳасидан қатъи назар республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қўшган улкан ҳиссаси учун Президент томонидан берилган «Халқ», «Хизмат кўрсатган арбоб» ва «Хизмат кўрсатган» фахрий унвонларига эга бўлганлар;
- фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлиги ва фойдаланилиши учун фақат муаллифлик ҳақи (гонорар) тарзидаги даромадлар оладиганлар, башарти улар меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширишмаса;
- барча мулкчилик шаклидаги тиббиёт ташкилотларининг ишловчи пенсионер врачлари.
Маълумот учун. Қуйидагилар ҳам 100 фоиз пенсия олиш ҳуқуқига эга:
- уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
- Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар;
- I ва II гуруҳ ногиронлари;
- Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудий кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёллар — ёшга доир пенсияни олганда;
- Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг барча ходимлари;
- Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган фуқароларнинг бошқа тоифалари.
Қолган ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50%и миқдорида пенсия тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.