Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2025 йилдаги 586-сон қарори билан Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат қуйидагилар тартибини белгилайди:
- Реестр орқали маҳалла тўғрисидаги маълумотларни электрон кўринишда шакллантириш ва юритиш;
- маҳалла фуқаролар йиғинини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва (ёки) тугатишда Реестр маълумотларидан фойдаланиш.
Реестрни юритиш учун масъул орган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳисобланади. Реестр Уюшманинг "Рақамли маҳалла" ахборот тизимида шакллантирилади ва юритилади.
Реестр – маҳалла ҳақида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган ахборотнинг ягона манбаи.
У "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали электрон хизматлар асосида "Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар реестри" ахборот тизимида жойлаштирилади ва юритилади.
Маҳаллалар аудити маҳалла тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва долзарблигини таъминлаш учун 2025 йил 1 ноябргача ўтказилиши ва Реестрни 2025 йил 1 декабргача тўлиқ жорий этиш таъминланиши режалаштирилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 18.09.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова