Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

МХХ Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилди

15.03.2018

 

Президентнинг 14.03.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5379-сон Фармони имзоланди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.


МХХ Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилди. Мазкур орган мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади.



Хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • Ўзбекистоннинг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
  • Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш;
  • Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;  
  • Қуролли Кучлар ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш;
  • терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш;
  • давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш;
  • иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
  • телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
  • унинг тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш;
  • давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;
  • Давлат хавфсизлик хизматининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги ҳолатини такомиллаштириш ва сақлаб туриш, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳамда ҳарбий ҳолат жорий қилингандаги ҳаракатларга тайёрлаш.

 

1.04.2018 йилдан қуйидаги функциялар: 


а) мамлакатнинг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга рухсат бериш – Ички ишлар вазирлигига;

б) режимли мудофаа объектларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш учун лицензия талабгорларига рухсат этилганлиги ҳақида маълумотнома бериш – Мудофаа вазирлигига ўтказилиши назарда тутилган.


Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда қайта ишланади.


Ҳужжатга Давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси намуналари тавсифи билан илова қилинмоқда. Улардан фойдаланиш тартиби орган раиси томонидан тасдиқланади.


Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег Заманов.

 

Валюталар курси

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум