Президентнинг 19.09.2025 йил ПҚ-289-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Миллий инвестиция жамғармасининг акцияларини маҳаллий ва халқаро фонд биржаларида бирламчи жойлаштиришга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида унинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали Миллий инвестиция жамғармасига тегишли:
- «Uzbekistan Airports» АЖ, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБнинг акцияларини – Жамғарманинг устав капиталидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Иқтисодиёт ва молия вазирлигига;
- «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг акцияларини – Жамғарманинг устав капиталидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш назарда тутилган.
Шунингдек қуйидагилар амалга оширилади:
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 30 фоиз акция улушини – кейинчалик Жамғармага ўтказиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига;
- «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг 20 фоиз, «Ўзбекинвест» АЖнинг 10 фоиз ва «Темирйўлинфратузилма» АЖнинг 15 фоиз акция улушларини қўшимча равишда Жамғармага ўтказиш.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акцияларини бирламчи оммавий савдода жойлаштириш ишларини мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.09.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова