Президентнинг 25.03.2026 йилдаги қарори қабул қилинди. «Овжазсой - Мовий тоғлар», «Писком», «Фарғона» миллий табиат боғларини ташкил этиш ва «Поп» миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-109-сон қарори қабул қилинди.
Асосий мақсадлар:
- Тошкент вилоятининг Писком ва Қурама тоғ тизмаларидаги табиий ўрмонларни, глобал миқёсда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган 27 турдаги ноёб умуртқали ҳайвонларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 7 турдаги эндемик ва 40 турдаги ўсимликларни муҳофаза қилиш;
- Фарғона водийсида Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган 6 турдаги судралиб юрувчилар, 3 турдаги сут эмизувчилар, 13 турдаги қушлар, 2 турдаги янги Шимолий Осиё калтакесаклари ва Северцов қўйи популяцияларини муҳофаза остига олиш;
- табиат ёдгорликлари – Ёзёвон ва Мингбулоқ оқ қумларини сақлаб қолиш.
Ҳужжат билан Тошкент вилоятида:
- Оҳангарон туманидаги Оҳангарон давлат хўжалигининг 9,2 минг гектар «Овжазсой» участкасида давлат муассасаси шаклидаги «Овжазсой - Мовий тоғлар» миллий табиат боғи;
- Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат деҳқон хўжалигининг 156,7 минг гектар майдонига давлат муассасаси шаклидаги «Писком» миллий табиат боғи;
- Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Сўх туманларида 13,9 минг гектар, шунингдек, Фарғона ва Қўқон давлат деҳқон хўжаликларининг 8,9 минг гектар давлат захирасидаги ерлари ҳисобидан 22,9 минг гектар майдонда давлат муассасаси шаклидаги «Фарғона» миллий табиат боғини ташкил этиш;
«Поп» миллий табиат боғи ҳудудини Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп тепаликларидаги давлат захирасидаги 33,6 минг гектар ҳамда Поп ихтисослашган давлат қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобига 125,3 минг гектарга кенгайтириш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- «Овжазсой - Мовий тоғлар», «Писком», «Фарғона» ва «Поп» миллий табиат боғларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериладиган ер участкалари рўйхати;
- «Овжазсой - Мовий тоғлар», «Писком», «Фарғона» ва «Поп» боғларининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик фойдаланиш зоналари учун ажратиладиган ер майдонлари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



