Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Агар ҚҚС ҳисоб-китобида тизимли хатолар чиқса, нима қилиш керак82 та товар позицияси импорт божхона божидан озод қилиндиЙўриқнома: воситачи орқали хизматлар импорт қилинганда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

Никоҳ тузиш ва уни тугатиш қоидалари ўзгаради

05.02.2018


Бу Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида (2.02.2018 йилдаги ПФ–5325-сон Фармонга 7-илова) назарда тутилган.

 

Ҳужжатда никоҳ ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритиладиган бир қатор янгиликлар назарда тутилади.

 

Биринчидан, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича уларнинг саломатлиги ҳолати тўғрисида била туриб ёлғон маълумотлар ёзилган маълумотнома берганлик учун тиббиёт муассасаси раҳбари ва ходимларининг жавобгарлиги кучайтирилади.

 

Шуни эслатиб ўтамизки, Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга (ВМнинг 25.08.2003 йилдаги 365-сон қарорига 1-илова) мувофиқ, кўрикни ўтказган врач кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавоб беради.

  

Иккинчидан, никоҳланувчи шахслар махсус таълим дастури бўйича оилавий турмуш асосларига мажбурий ўқитилади. У илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

 

Ҳозир Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг (ВМнинг 14.11.2016 йилдаги 387-сон қарорига 1-илова) 78-бандига мувофиқ, ФҲДЁ органи аризани қабул қилаётганда никоҳланувчиларга фақат никоҳ тузиш тартиби ва шартларини, келгусида эр-хотин ва ота-она сифатида вужудга келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради. Шунингдек ФҲДЁ органи никоҳланувчилар бир-бирининг саломатликлари тўғрисида ва оилавий аҳволи тўғрисида хабардор эканликларига ишонч ҳосил қилади, уларни никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни яшириш оқибатлари тўғрисида огоҳлантиради.

 

Учинчидан, никоҳ қайд этилишини кутиш муддати ошади (аниқ муддати ҳали айтилмади). Бугунги кунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 73-бандига мувофиқ, никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. Бундай жиддий ишни ўйлаб кўриш учун мазкур муддат етарли эмас деб топилди.

 

Тўртинчидан, никоҳни фақат суд тартибида тугатиш режалаштирилмоқда.

 

Ҳозирги пайтда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг VI боби 1 ва 2-параграфларига мувофиқ, буни вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотинларни уларнинг ўзаро розилигига кўра ФҲДЁ органи амалга оширади. Бундан ташқари, эр-хотиндан бири бедарак йўқолган, руҳияти бузилиши сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган ёхуд 3 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган умумий болалари бор-йўқлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органи никоҳдан ажратишни қайд этади.

 

Бешинчидан, эр-хотинни яраштириш муддати 1 йилгача оширилади. Ҳозир Оила кодексининг 40-моддаси 2-қисмига мувофиқ, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

 

Олтинчидан, никоҳ тугатилганда эр-хотинларнинг мулкий жавобгарлигини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бунда жаҳон юридик амалиётидаги ажрашиш ташаббуси билан чиққан шахснинг турмуш ўртоғига воз кечиш учун ҳақ тўлаш институти ҳақида сўз бормоқда.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, 2018 йил бўйи давом этадиган нормаларни яратиш жараёнида кўрсатилган янгиликларга тузатишлар киритилиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 3.02.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 Самир Латипов.