Президентнинг 27.05.2025 йилдаги «Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида»ги ПҚ-194-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш доирасида аҳолига давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлаш тартибини такомиллаштириш орқали пенсия олувчилар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган.
2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилади:
- фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши муносабати билан пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш. Бунда фуқарога проактив шаклда тайинланган пенсиядан воз кечиш ҳуқуқи берилади;
- кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядровий полигонлар ва бошқа радиация-ядровий объектларда ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаш;
- ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида бир йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар икки йилда проактив шаклда қайта ҳисоблашни амалга ошириш.
Пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартиб-таомилларини рақамлаштириш
2025 йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ «Халқ банки» томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда электрон рақамли имзо орқали амалга оширилади. Бунда:
- тўлов қайдномасини планшет орқали электрон шаклда имзолашга рухсат берилади;
- Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва АТ «Халқ банки»нинг электрон сўровига асосан фуқароларни биометрик идентификация қилиш маълумотларини бепул тақдим этади;
- биометрик идентификация қилиш асосида кўрсатиладиган хизматларни жорий этиш учун фойдаланиладиган қурилмаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва АТ «Халқ банки» ҳисобидан молиялаштирилади.
2025 йил 1 октябргача фуқароларга пенсия тайинлашда амалий ёрдам кўрсатиш хизмати, хусусан стаж ва иш ҳақига оид электрон маълумотлардаги камчиликларни бартараф етиш бўйича ҳам жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова