Президентнинг 09.09.2025 йилдаги "Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-280-сон қарори қабул қилинди.
2026 йил 1 мартдан бошлаб нотариуслар томонидан қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича БҲМнинг 1 000 бараваригача миқдорда ижро хатларини ёзишни амалга ошириш тартиби жорий этилади:
- нотариал тасдиқланган битимларга асосланган;
- қарздорнинг мажбуриятларини бажаришни таъминловчи кўчар мулкка ундиришни йўналтириш ҳақида, ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлганда;
- ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
2026 йил 1 апрелдан нотариуслар фаолиятида қуйидаги ўзгартиришлар содир бўлади:
- Ўзбекистон Республикасида нотариус лавозимида бўлишнинг чегаравий ёшини 65 дан 70 ёшгача кўтариш;
- давлат нотариат идорасининг нотариус лавозимига тайинлаш конкурси ва хусусий нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига малака имтиҳони ўрнига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда икки босқичдан иборат ягона танлов тартиби жорий этилади;
- ягона танловда фақат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил этиладиган курсларни муваффақиятли тамомлаган шахслар иштирок этади;
- хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан ҳурматли сабаб туфайли ўз касбий фаолиятини бажариш имконияти бўлмаганда ариза асосида лицензия амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш;
- хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг лицензияси амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишдан ташқари огоҳлантириш ва жарима кўринишидаги муқобил таъсир чораларини қўллаш механизмини жорий этиш;
- нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда ишлатиладиган гербли (махсус) бланкларни унификация қилиш орқали ягона шаклдаги гербли (махсус) бланкни жорий этиш;
- барча нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларни нотариус имзоси, муҳри ва/ёки QR-код (матрица штрих кодд) билан тасдиқлаш.
Бундан ташқари қуйидаги талаблар бекор қилинади:
2025 йил 1 декабрдан:
- республика ҳудудида нотариал тасдиқланган никоҳ шартномаларининг нусхасини "Нотариус" АТга мажбурий равишда юклаш тартибини жорий этиш эвазига нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларининг асл нусхасини талаб қилиш;
- нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этишнинг аудио ва видеоёзув файлларини электрон ташувчиларда сақлаш. Бундай турдаги аудио ва видеоёзув файлларини тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатларга бириктириш ва уларни тизимда сақлаш имконияти яратилади;
2026 йил 1 январдан:
- нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариусга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этиш. Бунда фуқароларнинг шахси уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади, шунингдек биометрик маълумотлар (бармоқ излари ва Face-ID) орқали верификация қилинади.
Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:
- муайян ҳудудда (нотариат округида) нотариус лавозимларининг энг кўп сонини белгилаш;
- нотариус лавозимига талабгорлик паст бўлган узоқ (қийин борилувчи) туманлар ва ҳудудларда (нотариат округларида) ягона танловда иштирок этмасдан, Олий малака комиссияси ўтказадиган суҳбат асосида давлат нотариат идорасининг нотариус лавозимига тайинлаш.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- давлат нотариат идорасининг нотариус лавозимига ягона танловда иштирок этмасдан суҳбат асосида нотариус тайинлаш мумкин бўлган нотариус лавозимига талабгорлик паст бўлган узоқ (қийин борилувчи) туман ва ҳудудлар (нотариат округлари) рўйхати;
- нотариуслар томонидан композит шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати;
- 2025-2027 йилларда видеоконференцалоқа режими орқали масофадан расмийлаштириш йўлга қўйиладиган нотариал ҳаракатларнинг режа-жадвали;
- 2025-2027 йилларда нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий АКТни жорий этиш бўйича "йўл харитаси".
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.09.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова