Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ҚҚС бўйича кэшбек: Самарқандда оммавий равишда корхоналардан пул маблағлари ундирилмоқда. Бу қанчалик қонуний? ННТлар учун янги 77-сонли МҲМС қабул қилинди

Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш тизими ислоҳ қилинмоқда

06.08.2026

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 03.08.2026 йилдаги «Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-146-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ихтисослашган муассасаларга ҳамда ННТга одам савдосидан жабрланган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколатини бериш;
  • дастлабки идентификация қилиш билан бир вақтда шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш орқали уларни ижтимоий ва бошқа хизматлар билан қамраб олиш тизимини жорий этиш;
  • дастлабки идентификация натижасига кўра шахсга «одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс» мақомини бир ойгача, якуний идентификация натижасига кўра эса «одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс» мақомини кўпи билан бир йилгача бўлган муддатга бериш;
  • одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан якуний идентификация қилиш муддатини 10 сутка этиб белгилаш;
  • одам савдосидан жабрланган шахсларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, «Саховат ва кўмак» ва Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
  • Ўзбекистонга олиб келинган репатриантларни уларнинг ҳолати ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда алоҳида махсус дастурлар асосида ихтисослашган муассасаларга жойлаштириш. 

 

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Агентликнинг «1146» қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинади, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳат бериш хизматлари кўрсатилади.

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам одам савдосидан жабрланганларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишонч телефонлари фаолият юритади.

 

Хорижга кетаётган меҳнат мигрантларига бораётган давлатидаги дипломатик ваколатхона ва Миграция агентлиги ҳудудий вакилининг алоқа маълумотлари тақдим этилади.

 

Одам савдосидан жабрланган болаларнинг оила муҳитида ёки оилавий муҳитга яқин шароитларда реабилитация қилинишини таъминлаш мақсадида дастлабки ёки якуний идентификация қилиш жараёнида уларни оиласига қайтариш чоралари кўрилади, «Инсон» марказлари бола ва унинг оила аъзоларини реабилитация қилишга қаратилган ижтимоий хизматларга жалб этади. 

 

Янги қўллаб-қувватлаш чоралари

 

Одам савдосидан жабрланган, бироқ ихтисослашган муассасаларга жойлашишни истамаган шахсларга уларнинг мурожаатига асосан «Инсон» маркази хизматларидан кундузги қатнов асосида фойдаланиш ҳуқуқи берилади. 

 

Жабрланганлар учун уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади. Ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

 

Одам савдосидан жабрланган деб тан олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, уларнинг Ўзбекистонга кириш ҳолатларидан қатъи назар, реабилитация даврида мамлакатда вақтинча бўлиш ҳуқуқи берилади. 

 

Одам савдосига қарши курашиш

 

Туризм ва ташқи меҳнат миграцияси йўналишларида фуқароларни хорижга юбориш билан шуғулланувчи мансабдор шахслар томонидан одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилганда, судлар томонидан уларга асосий жазога қўшимча жазо сифатида тегишли фаолият билан шуғулланишни чеклаш тарзидаги жазо тайинлаш тартиби жорий этилмоқда. 

 

Шунингдек, болаларга нисбатан содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), шу жумладан уларни фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик ҳамда ушбу жиноят бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов прокуратура органлари томонидан ўтказилиши жорий этилмоқда.

 

Болаларни фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганлик учун судланган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритилади.

 

Ихтисослашган муассасалар фаолиятини такомиллаштириш

 

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази деб қайта номланди.

 

Республика марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилояти ҳудудий марказларига одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилишни йўлга қўйиш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш учун қўшимча тарбиячи штат бирликлари ажратилади. 

 

Одам савдосидан жабрланган эркаклар, чет эл фуқаролари ва махсус дастурлар асосида Ўзбекистон Республикасига олиб келинган репатриантлар фақат Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказига қабул қилинади.

 

Ҳужжат билан Одам савдосига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.08.2026 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова