Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Пахта ички бозорда қандай сотилади

20.02.2018

 

Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2018 йилдаги 106-сон қарори билан Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

 

Ушбу ҳужжат амалга киритилгунга қадар (1.04.2018 йил) пахта толаси уни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналарига «Ўзпахтасаноат» АЖ билан тузилган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича етказиб берилади.

 

Низом пахта толасини биржа савдоларида маҳаллий истеъмолчиларга сотиш тартибини белгилайди.

 

Сотувчилар ва харидорлар

 

Қуйидагилар биржа савдоларида пахта толасини сотадилар:

  • «Ўзпахтасаноат» АЖ;
  • пахтачилик-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлар;
  • пахта толасини республикага ички бозорда сотиш учун чет элдан импорт ҳисобига олиб келадиган ташкилотлар (Ўзбекистон резидентлари ёки норезидентлари).

 

Харидорлар томонидан биржа савдоларида сотиб олинган пахта толасидан республика ташкилотларида фақат ишлаб чиқариш мақсадлари учун фойдаланилади. Шу сабабли маҳаллий тўқимачилик корхоналари ҳамда ўз маҳсулотини қайта ишлашда пахта толасидан фойдаланиш зарурлиги муносабати билан юридик шахс ташкил этган бошқа ташкилотлар биржа савдоларида пахта толаси харидорлари сифатида белгиланган.

 

Харидорларнинг савдоларда иштирок этиш шарти

 

Пахта толасини келгусида қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлиги тўғрисида биржага туман (шаҳар) ҳокимликларининг тавсияларини тақдим этган харидорлар савдоларга қўйилади.

 

Тавсиялар «Ўзстандарт» агентлигини жалб этган ҳолда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини ўрганиш йўли билан мурожаат қилинган пайтдан бошлаб мажбурий тартибда 10 кун мобайнида берилади. Тавсиялар бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

 

Изоҳ. Тавсия беришни кечиктириш савдоларда иштирок этишга тўсқинлик қила олмайди. Белгиланган 10 кунлик муддат ўтгандан кейин харидорнинг туман (шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қабул қилинган сана ҳақида белги қўйилган мурожаати ва ҳокимликка юборилган ёзма билдиришнома (аризада қайд этилган ишлаб чиқариш қувватлари доирасида) савдоларда иштирок этиш учун асос ҳисобланади. Бунда тавсия ўз вақтида берилмаганлиги ёки нохолисона берилганлиги оқибатлари учун тегишли ҳокимлик ва «Ўзстандарт» агентлиги жавоб беради.

 

Сотиш ҳажмлари

 

1) «Ўзпахтасаноат» АЖ. Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг таклифларини инобатга олган ҳолда биржа савдоларида сотиладиган пахта толасининг чораклик ва ойлик ҳажмларини белгилайди.

 

Пахта толасини «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан биржа савдоларига қўйиш тасдиқланган ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмларига мувофиқ амалга оширилади.

 

«Ўзпахтасаноат» АЖ келгуси ойнинг бошланишидан 10 кун олдин биржа савдоларига қўйиладиган кунлик маҳсулот ҳажми жадвалини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишади. Савдоларга қўйиладиган жадвалларда биржа савдоларида сотиладиган пахта толасининг ҳажми, нави, типи ва класси кўрсатилади.

 

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 1 кун муддатда биржанинг расмий сайтига жойлаштириш учун биржага пахта толасининг биржа савдоларига қўйиладиган кунлик ҳажмлари тўғрисида тасдиқланган жадвалларни тақдим этади;

 

2) импорт ёки ўз пахта толасини сотувчи қолган барча ташкилотлар мавжуд ҳажмлардан келиб чиқиб пахта толасини биржа савдоларга ўзлари мустақил равишда қўяди.

 

Биржа савдоларининг умумий тартиби

                  

Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тасдиқланган схема бўйича амалга оширилади. Биржа савдолари амалдаги қонун ҳужжатларига, биржа, биржа аъзолари, сотувчи ва харидорлар учун мажбурий ҳисобланадиган биржа савдолари ва ҳисоб-китоб-клиринг хизмати қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Пахта толасининг биржа савдолари намунавий биржа контрактлари асосида амалга оширилади, унда пахта терминалининг маркаси, жойлашуви, лот миқдори, пахта толасининг нави, типи, класси ва биржа товарини идентификация қилишга доир бошқа маълумотлар мажбурий тарзда акс эттирилади.

 

Сотувчи ва харидорлар биржа савдоларида мустақил равишда биржа билан тузилган шартномага мувофиқ дилер сифатида ёки трейдер номидан брокерлар орқали мустақил иштирок этадилар.

 

Биржа савдолари ғолибларини аниқлаш ва биржа битимларини рўйхатдан ўтказиш ўз-ўзидан биржа савдоларининг электрон тизими (бундан кейин – БСЭТ)[1] томонидан амалга оширилади.

 

Биржа битими электрон рўйхатга олинган кунда биржа аъзоларининг биржа сотувлари қоидасига мувофиқ биржа томонидан расмийлаштириш учун олди-сотди шартномаси тақдим этилади.

 

Пахта толаси маҳсулотларини сотувчилар томонидан етказиб бериш 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш шартларида амалга оширилади.

 

Товарнинг бошланғич нархини белгилаш

 

Базавий сифатли («Биринчи» нав, «Ўрта» классли, 4 тип) республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси учун бошланғич нарх ҳар куни сотувчи томонидан «А» индексининг «Cotton Outlook» бюллетенида[2] эълон қилинадиган котировкаси миқдоридан келиб чиққан ҳолда, CFR – Узоқ Шарқ портлари шартларида биржадаги навбатдаги савдолардан олдинги кунда, 10% миқдоридаги чегириш билан белгиланади.

 

Бошқа навлар, класслар, типлар ва кодлар учун бошланғич нарх Пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ коэффициентлар қўлланган ҳолда аниқланади. Пахта толасининг максимал нархи «А» индексининг «Cotton Outlook»да эълон қилинадиган нарх котировкаси миқдоридан юқори бўлиши мумкин эмас. Бошланғич ва максимал нархлар тўғрисидаги маълумот «Ўзпахтасаноат» АЖнинг брокери томонидан савдо бошланишдан аввал БСЭТга киритилади.

 

Биржа ўзининг расмий веб-сайтида ҳар ҳафтада пахта толасининг ўртача биржа нархларини эълон қилиб бориши шарт.

 

Ҳисоб-китоб қилиш тартиби

 

Сотувчи ва харидор ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги (бундан кейин – ҲККП)[3] ўзларининг шахсий ҳисобварақларига аванс сифатида қуйидаги закалат пулларини киритадилар:

  • сотувчи – савдоларга қўйиладиган маҳсулот қийматининг 1%и миқдорида;
  • харидор – биржа битимининг мўлжалланаётган суммасининг 1%и миқдорида.

 

Харидорлар биржада аванс билан таъминланган ҳажмлардаги маҳсулотни сотиб олишга битим тузишга ҳақлидир.

 

Сотувчилар ёки харидорлар томонидан ўзига юклатилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, айбдор томонидан жабрланувчи фойдасига жарима сифатида закалат пуллари ушлаб қолинади. Бунда сотувчи томонидан харидор фойдасига ундириладиган жарима миқдори шартноманинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

Харидор 5 иш куни мобайнида биржанинг иккиламчи талаб қилиб олгунча депозит ҳисоб рақамига тузилган биржа битимига мувофиқ молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун маблағлар ўтказиши шарт.

 

ҲККП олди-сотди шартномасига мувофиқ маблағлар тўлиқ тушгандан кейин 1 иш кунида сотувчининг шахсий кабинетига тўланган битимлар тўғрисида реестрни тақдим этиши шарт.

 

Товарни етказиб бериш тартиби

 

Сотувчи ҲККПдан сотиб олувчи томонидан маҳсулот қиймати учун 100 фоиз маблағлар тушганлиги тўғрисида маълумотни олгандан кейин маҳсулотни харидорга 3 иш куни мобайнида пахта терминалининг FCA шартларида етказиб беради.

 

Маҳсулот терминалда берилгандан кейин сотувчи ва харидор рўйхатдан ўтказилган биржа битими бўйича маҳсулотни топшириш-қабул қилиш тўғрисида далолатнома тузадилар.

 

Харидорга маҳсулотни топшириш-қабул қилиш (юклаб жўнатиш) сотувчининг билдиришномалари бўйича терминаллардан биржа битимларида назарда тутилган ҳажм ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

 

Маҳсулотни сертификатлаш, терминалнинг маҳсулотни сақлаш, юклаб жўнатиш ва топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзолангунгача амалга оширилган бошқа хизматлари билан боғлиқ харажатлар сотувчи томонидан тўланади.

 

Терминалнинг сақлаш, транспорт агентига юклаш бўйича кўмаклашиш, юклаб жўнатиш ва топшириш-қабул қилиш тўғрисидаги далолатнома имзолангандан кейин амалга ошириладиган бошқа ишлар билан боғлиқ хизматлари харажатлари харидор томонидан тўланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 1.04.2018 йилдан кучга киради. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

  

Зумрад Ниязметова,

адвокат.

 


[1] Биржа савдоларининг электрон тизими – дастурий-аппарат воситалари комплексини ўз ичига олган глобал тақсимланган ахборот тизими, у аниқ вақт режимида биржа аъзоларига республиканинг исталган географик нуқтасидан масофадан туриб биржа савдоларида қатнашишни таъминлайди.

[2] «Cotton Outlook» бюллетени – Халқаро пахта уюшмасининг нашри, бунда халқаро трейдерлар (сотувчилар), пировард харидорлар ва пахта толасини ишлаб чиқарувчилардан сўраб чиқиш йўли билан ҳар кунлик асосида турли мамлакатлар – экспорт қилувчилар пахта толасининг нархи белгиланади.

[3] Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси – биржанинг таркибий бўлинмаси, у клиринг ва биржа битимлари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар ўтказишни таъминлайди.


 

Валюталар курси

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум