19.05.2025 йилдаги ЎРҚ-1066-сон Қонун билан аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжат фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида инсон омилини камайтириб, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш учун илғор рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш зарурияти муносабати билан қабул қилинди.
Хусусан, Қонун билан "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатини талаб этмаган холда (проактив шаклда) пенсия тайинланишини ҳамда фуқароларнинг шундай тартибда тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларига барча турдаги нафақаларни тайинлаш ва тўлаш ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказилганлиги муносабати билан "Давлат божи тўғрисида"ги ҳамда "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова