Президентнинг 15.05.2025 йилдаги ПФ-86-сон Фармони билан иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат ҳамда Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамияти ташкил этилади.
Халқаро мактаб-интернат – тўлиқ академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақилликка эга бўлган давлат умумий ўрта таълим ташкилоти бўлиб, унинг умумий фаолияти мактабгача ва мактаб таълими вазири раислигидаги Кузатув кенгаши томонидан тартибга солинади.
Мактабда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади, битирувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома) билан бирга етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятини берувчи халқаро таълим дастури дипломи (International Baccalaureate) берилади.
Мактабда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитиладиган ўқувчиларнинг умумий чекланган сони – 180 нафар.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамияти "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатлари, мактаб-интернат, Президент мактаблари ва "Янги Ўзбекистон" университети битирувчилари, шунингдек нуфузли хорижий олий таълим ва бошқа ташкилотларда билим ва тажриба орттирган иқтидорли ватандошларни бирлаштирувчи платформа сифатида фаолият юритади.
"Президент иқтидорли фарзандлари" миллий дастури "Ёрқин истеъдод" лойиҳасини қамраб олади, иштирокчиларни танлаш босқичма-босқич амалга оширилади.
Миллий дастур доирасида қуйидаги рағбатлантириш механизмлари қўлланилади:
- мактаб 10-синф ўқувчилари ва энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган 40 нафар ўқувчи – Миллий дастур иштирокчиларига нуфузли хорижий олий таълим муассасалари томонидан ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув дастурларида ҳар йили бир марта иштирок этиш имкониятини бериш;
- мактаб битирувчилари ва ўқувчилар – Миллий дастур иштирокчиларининг халқаро академик рейтингнинг энг илғор 100 таликига кирувчи хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиш харажатларини қоплаш;
- мактаб маслаҳатчиларини уларга бириктирилган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниш кўрсаткичига қараб бир марталик мукофотлаш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича Миллий кенгаш таркиби ва унинг асосий вазифалари;
- "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусини амалга ошириш асосий йўналишлари;
- "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси";
- Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатнинг академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллиги доирасида унга бериладиган ҳуқуқлар рўйхати;
- Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатни молиялаштириш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова