Президентнинг 08.05.2023 йилдаги “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Халқаро шахмат федерациясининг (ФИДЕ) 2022 йилдаги конгрессида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда ФИДЕнинг навбатдаги конгрессини 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини инобатга олиб, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Ҳужжат билан 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди ва унинг асосий вазифалари белгиланди:
- ФИДЕ раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг ташрифини ташкиллаштириш ва ФИДЕ билан шартномалар, келишувлар имзолаш;
- 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарликнинг бош режаси ва дастурини тузиш ва бошқалар.
Шунингдек, 2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бунда қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- “Шахмат боғчадан бошланади” махсус дастурини амалга ошириш, ҳар йили мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақаларини ўтказиб бориш;
- умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида “Мактаб лигаси”, “Академик лицей лигаси” “Профессионал таълим муассасалари лигаси” ва “Талабалар лигаси” шахмат мусобақаларини ҳар йили уч босқичда тизимли ўтказиш.
- 2024 йил 1 январдан бошлаб “Шахмат стипендияси”ни таъсис этиш.
“Мактаб лигаси”, “Академик лицей лигаси”, “Профессионал таълим муассасалари лигаси” ва “Талабалар лигаси” мусобақаларида ғолиб бўлган ўқувчи-ёшлар ва талабаларни рағбатлантириш сифатида йил давомида ҳар ойда БҲМнинг беш баравари миқдорида “Шахмат стипендияси” тўланади.
Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 08.05.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.